Бугун 16 январь, 2026 йил, жума

O'ZB

U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон — Хитой: ўзаро учрашувларда қандай натижалар қайд этилган?

U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон — Хитой: ўзаро учрашувларда қандай натижалар қайд этилган?

Саудия Арабистони яшил майдонларида давом этаётган 23 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги мусобақаси ҳал қилувчи паллага кириб келди. Гуруҳ босқичи якунига етиб, 16 жамоадан 8 таси мусобақани тарк этди. Гуруҳларда 1 ва 2-ўринларни эгаллаган жамоалар энди чорак финал босқичида курашни давом эттиради.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси "C" гуруҳини пешқадам сифатида якунлаб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Хитой эса "D" гуруҳида Ироқ (0:0), Австралия (1:0) ва Таиланд (0:0) терма жамоаларига қарши баҳсларда 5 очко жамғариб, кейинги босқичга йўл олди.

Ўзбекистон — Хитой: ўзаро учрашувлар
Ўзбекистон ва Хитой U-23 терма жамоалари Осиё кубоги доирасида шу кунга қадар уч бор рўбарў келган бўлиб, барча учрашувларда жамоамиз ғалаба қозонган.

1. 2013 йил
U-22 мақомида илк бор ташкил этилган турнирда жамоамиз гуруҳ босқичида Хитой билан тўқнаш келган. Кримец ва Сергеев киритган голлар эвазига рақиб мағлуб этилган.
Ўзбекистон 2:1 Хитой

2. 2018 йил
Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги U-23 терма жамоамиз Хитой мезбонлигида ўтган Осиё кубогида чемпионликни қўлга киритган. Гуруҳ босқичида мезбон Хитой Алижоновнинг ягона голи эвазига мағлуб этилган.
Хитой 0:1 Ўзбекистон

3. 2020 йил
Таиландда бўлиб ўтган U-23 Осиё кубогида Ўзбекистон ва Хитой "С" гуруҳидан ўрин олган. Қобилов ва Тўхтасинов голлари эвазига жамоамиз ишончли ғалабага эришган.
Ўзбекистон 2:0 Хитой

Шунингдек, жамоалар ўртасида халқаро ўртоқлик учрашувлари ҳам мунтазам ўтказиб келинади. Сўнгги бор 2025 йил ноябрь ойида Хитойда ташкил этилган халқаро турнир доирасида томонлар ўзаро тўқнаш келиб, баҳс 0:0 ҳисобида якунланган.

U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон — Хитой: ўзаро учрашувларда қандай натижалар қайд этилган?

Учрашув олдидан
Чорак финал баҳси арафасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси дарвозабони Самандар Муратбаев Хитойга қарши ўйин ҳақида ўз фикрларини билдирди:

"Хитой биз учун бегона жамоа эмас. Улар билан кўп ўйнаганмиз. Худо хоҳласа, ўз ўйинимизни намойиш этиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз."

U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон — Хитой: ўзаро учрашувларда қандай натижалар қайд этилган?

Мазкур босқичда ғалаба қозонган жамоа ярим финалда Вьетнам — БАА учрашуви ғолибига қарши майдонга тушади. Ушбу баҳс 20 январь куни бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон — Хитой ўртасидаги чорак финал учрашуви 17 январь куни Тошкент вақти билан соат 16:30да Жидда шаҳридаги "Prince Abdullah Al Faisal Sports City" стадионида старт олади.

Киритилди: Бугун 15:03. Ўқилди: 385 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!