Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва реализация қилинадиган ош тузлари албатта йодланиши керак.
Бу мамлакатимизда йод етишмаслиги касалликларини олдини олишга қаратилган тадбирлардан биридир. Сабаби инсон организмида йоднинг етишмаслиги оқибатида қалқонсимон без касалликлари юзага келади. Бундай тадбирлардан бири ишлаб чиқариш жараёнида озиқ-овқат маҳсулотларини йод билан бойитиш ҳисобланади. Хўш, уларнинг сифати талаб даражасидами?
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (Маълумот учун: аввал Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги) ва ҳудудий органлари томонидан Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан ҳамкорликда жами 441 номдаги маҳсулотлар назорат харидлари ўтказилган бўлиб, шундан 103 номдаги маҳсулотлар амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига номувофиқлиги аниқланган.
Жумладан, Қўмитанинг ўтказган бундай назорат харидларидан бири ош тузлари бўлди. Унда 29 номдаги туз маҳсулотлари намуналари синовдан ўтказилди. Ачинарлиси, 22 номдаги ош тузининг яъни, 76 фоизи лаборатория натижаларига кўра амалдаги талабларга номувофиқ деб топилди.
Қайси ош тузларида йод миқдори кам чиқди?
«Идеал» ош тузи – «Ideal Sharq Impex» МЧЖ;
«Дунё» ош тузи – «Eco Crystal» МЧЖ;
«Саховат» ош тузи — «Mohigul Fayz» ХК;
«Кафолат»ош тузи – «Toshkent Tuz» МЧЖ;
«Сафо» ош тузи – «Jalolitdin Baraka Savdo» МЧЖ;
«Ozoda-uz» ош тузи – «Ergash Ali Grand Kapital» МЧЖ;
«Барака» ош тузи – «Soletti Product» МЧЖ;
«Ошпаз» ош тузи – «Oshpaz Osh Tuzi» МЧЖ;
«Орол» ош тузи – «Mazali Osh Tuzi» МЧЖ;
«Ягона ишонч» ош тузи –«Exclucive Salt» МЧЖ;
«Сафир» ош тузи – «Umida-Trust Invest» МЧЖ;
«Зарафшон кумуш тузи», «Салина», «Азия» ва «Мелкая» ош тузлари – «Zarafshon Kumush Tuzi» МЧЖ
«Ош тузи» ва «Файзли» ош тузлари – «Temurbek Trade» МЧЖ ош тузларида ёд миқдори камлиги маълум бўлди.
Ош тузи қачон ишлаб чиқарилган?
Мамлакатимизда амал қилувчи меъёрий ҳужжат OʼzDSt 1091:2017 талабларига мувофиқ туз маҳсулотлари қадоғида қуйидаги маълумотлар бўлиши шарт:
–маҳсулот номи, сорти ва ҳажми;
-йодланган қўшимчанинг номи;
-таркибидаги йод миқдори;
-нетто оғирлиги (кг);
-ишлаб чиқариш санаси (кун, ой, йил);
-сақлаш муддати;
-сақлаш шартлари;
–мазкур стандартда кўрсатилган бошқа маълумотлар.
Аммо харид қилинган ош тузларидан «Саодат» ош тузи – «Xonqa Billur Salt» МЧЖга тегишли бўлиб, ош тузининг ташқи кўриниши мазкур меъёрий ҳужжат талабларига номувофиқлиги маълум бўлди.
Шунингдек, «Zamin Agro Oil» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган «Бекажон» ва «Karmana Cristal Salt» МЧЖга тегишли «Файзли» ош тузларида ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмаганлиги аниқланган. Ушбу камчиликларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича ваколатли органлар томонидан тегиши ишлар амалга оширилган.
Шунингдек, Қўмита ва унинг ҳудудий органлари томонидан ўз навбатида, юқоридаги каби тизимли ўрганишлар давом эттирилиб, истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини бузилишини олдини олиш ва етказилган зарарни қоплаш чораларини кўриш бўйича ишлар давом эттирилиши маълум қилинади, деб хабар беради Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати.
Шунингдек, хабар орқали озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда қуёш тиғида сақланмаганлигига эътибор қаратиш, маҳсулотнинг сифати, ташқи қадоғидаги ахборотларнинг мавжудлиги ва мазкур маҳсулотни мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлари санитария-эпидемиологик хулосаси билан танишиб чиқиб, сўнг харид қилиш, агарда сотувчи томонидан юқоридаги ахборотлар тақдим этилмаса Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 1159 « Call markazi»ига ёки 24/7 режимида қабул қилиш имконияти мавжуд info@antimon.gov.uz электрон почтасига хабар бериш кераклиги ҳақида истеъмолчиларни огоҳлантиради.