Туркиянинг етакчи ахборот агентлиги “Анадолу” сунъий интеллектнинг ОАВга трансформатив таъсирини ўрганиш учун “Оммавий ахборот воситаларида сунъий интеллектни бошқариш” форумини ташкил қилмоқда.
13 декабрь куни Анқарада бўлиб ўтадиган форумда сунъий интеллект соҳасидаги мутахассислар, ОАВ ва академик доира вакиллари, расмийлар ва амалиётчилар иштирок этади.
Анжуманда дастлаб сунъий интеллектнинг кундалик ҳаётга ва ОАВга таъсири, ҳуқуқий ва ахлоқий жиҳатлари ҳамда иловалари муҳокама қилинади. Мутахассислар айни мавзулар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиради.
“Утопия ёки дистопия: 2040 йилга келиб оммавий ахборот воситаларини қандай кўрамиз?” номли мунозара ҳам барчада жиддий қизиқиш уйғотиши кутиляпти.
Якуний қисмда форум қатнашчилари биргаликда тадбирнинг асосий натижаси сифатида “Оммавий ахборот воситаларида сунъий интеллектдан ахлоқий фойдаланиш бўйича йўриқнома” тайёрлашади.
Форум иштирокчилари “Анадолу” агентлиги ва Туркия медиа технологиялари хакатонини бирлаштирган “Медиа технологиялари водийси” ҳамкорлик баённомасини имзолаш маросимида ҳам иштирок этадилар.