Туркияда жамоат транспорти воситалари жуда ҳам ривожланган экан. Трамвай, автобус, маршрутка, метро ва метробуслар бирор лаҳза тўхтаб қолмасдан, одамларни атайин йиғиш учун вақт ўтказмасдан тинмай ҳаракатда. Трамвайлар иккита вагондан иборат ва жуда узун бўлиб, максимал даражада йўловчи ташишга мўлжалланган. Салонда доимий равишда кондиционерлар ишлаб туради. Ҳар сафар келаси бекат ҳақида икки мартадан эълон билан огоҳлантирилади. Трамвай бекатлари жуда замонавий тусда қурилган ва уларга турникет орқали кирилади. Бунинг учун "istanbul kart" деган махсус карт олинади.
У текин, фақат, маълум миқдорда пул юклашингиз лозим бўлади ва бошида 7 лира гаров сифатида картга юкланади. Қайтаётганингизда дуч келган киоскка топширсангиз мазкур гаров пулини қайтариб беришади. Хуллас, трамвай, метробус ва метро станцияларига кириш учун турникетдаги махсус жойга истанбул картни теккизсангиз, ундан арзимас миқдорда пул ечиб олади ва турникет тўсиқлари очилади. Тегишли миқдор ечиб олингани ва турникетдан ўтиш мумкин бўлганлиги сигнал орқали билдирилади.
Карттан ечилаётган пул Истанбулнинг маиший ҳаёт савиясига нисбатан анча арзонлиги ва такси тўловидан бир неча баробар пастлиги учун, унинг миқдорига жиддий эътибор бермадим. Трамвайларда тахминан 1,5 лира атрофида, метро ва метробусларда эса 2,5 лира атрофида пул ечилади, адашмасам.
Истанбул метрополитени (istanbul metro) бениҳоя ривожланган ва кўп тармоқли экан. Битта станциядан бир неча йўналишлар бўйича бошқа-бошқа станцияларга ўтиб кетилади. Баъзи станциялар устма-уст жойлашган. Бир станцияда лифт орқали ер остидан тўрт қават юқорига кўтарилдик. Ҳар бир қаватидан метро йўли ўтган. Одамлар бой ёки камбағаллигидан, ўзига тўқ ёки қийналганлигидан қатъий назар жамоат транспортларидан фойдаланишмоқда.
Ўзбекистонда ўз шахсий машинаси бўлган ёки машинаси бўлмаса ҳам асло жамоат транспортидан фойдаланмайдиган балки, доимо таксида юришга одатланган одамларни ўша ерда фақат ва фақат жамоат транспортидан фойдаланганликларининг гувоҳи бўлдим. Агар ижарага мошина олмаган бўлса, шунингдек, кимдир ўз мошинасида холис хизмат қилмаса, у ердаги аҳолининг аксар қисми ва у ерга борган деярли ҳамма умумий жамоат транспортидан фойдаланар экан. Бунинг бир нечта сабаби бор:
Биринчидан, у ерда такси хизмати жуда қиммат. Иккинчидан, умумий транспорт воситалари ниҳоятда қулай. Шу ўринда ўзимда бир савол пайдо бўлди: "нима учун бизда ҳам такси арзон бўлмаса-да одамлар умумий транспортдан (метро мустасно) камроқ фойдаланадилар. Ваҳоланки, биздаги такси нархлари ҳам аслида маиший ҳаёт савияси ва ойлик маошларга нисбатан бир мунча қимматдир?!"
Менимча, бунинг асосий сабаби бизда умумий транспорт воситаларининг қулайлик ва манзилга тезда етказиш жиҳатидан у қадар ривожланмаганлиги бўлса керак. Баъзи автобус ёки маршруткаларни инсон кўп вақт кутиб қолади. Анча кутгандан кейин келганда қараса, ичи тўлиб кетган, устига устак кондиционер ҳам йўқ. Шундан кейин диққинафас бўлиб, мазаси қочиб қолишидан кўра такси тўхтатишни афзал кўради. Ахир, одамлар учун қулайлик ҳам катта аҳамиятга эга.
Manba: azon.uz