Туркия томони Россия ва Украина делегацияларининг Истанбулда душанба куни ўтказилиши режалаштирилган музокаралари ўт очишни тўхтатиш масаласи бўйича тараққиётга олиб келишини ва томонлар ўз позицияларини келишиб олишини кутмоқда. Бу ҳақда Туркия президенти маъмурияти хабар берди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров аввалроқ Россия делегацияси 2 июнь куни Истанбулда бўлиб ўтадиган музокараларнинг иккинчи раундида Украина томонига келишув бўйича меморандумни тақдим этишга тайёрлигини маълум қилган.
"Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон аллақачон таъкидлаганидек, биз ўт очишни тўхтатиш масаласи ва позициялар келишуви бўйича тараққиётни кутмоқдамиз. Урушни тўхтатиш бўйича музокаралар жараёнини давом эттириш муҳим. Туркия бу йўналишда қўлидан келган барча ишни қилишга тайёр", — деди Туркия президенти маъмурияти вакили.