Туркия Суперлигасининг 18-туридан ўрин олган “Башакшеҳир” ҳамда “Карагюмрук” жамоалари ўртасидаги учрашув 17 январь, шанба куни бўлиб ўтди. Истанбулдаги “Фотиҳ Терим” стадионида кечган баҳсда майдон эгалари 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувда ҳисобни ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов очди. Футболчи 15-дақиқада бош билан аниқ зарба йўллаб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимнинг 75-дақиқасида ҳисоб тенглашди. “Башакшеҳир” ҳимоясидаги хатодан Давид Фофана унумли фойдаланиб, таблодаги натижани 1:1 кўринишига келтирди.
Баҳс якунига яқинлашиб бораётган паллада майдон эгалари яна ҳисобда олдинга чиқиб олди. 87-дақиқада Умар Шаҳинер “Карагюмрук” дарвозасини ишғол этиб, жамоасига муҳим ғалаба келтирган голга муаллифлик қилди.
Шу тариқа, учрашув 2:1 ҳисобида “Башакшеҳир” фойдасига якунланди. Айни пайтда Нури Шаҳин бошқарувидаги Истанбул клуби 26 очко билан Суперлига турнир жадвалида 6-ўринни эгаллаб турибди. “Карагюмрук” эса 9 очко билан сўнгги поғонада қолмоқда.
Мазкур учрашувда Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари Аббосбек Файзуллаев ва Элдор Шомуродов асосий таркибда майдонга тушди. Файзуллаев 57-дақиқада захирага олинган бўлса, Шомуродов 89-дақиқада Онур Эргюн билан алмаштирилди.
Туркия Суперлигаси, 18-тур
“Башакшеҳир” — “Карагюмрук” 2:1
Голлар: 1:0 — Элдор Шомуродов (15), 1:1 — Фофана (75), 2:1 — Шаҳинер (87)