2026 йил 10 сентябрь куни Боку иқлим ҳаракати ҳафталиги доирасида Туркий маданият ва мерос жамғармаси томонидан “Туркий цивилизацияда маданий мерос ва биологик хилма-хилликни асраш: муштарак анъаналардан қўшма ҳаракатларгача” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбир Туркий маданият ва мерос жамғармаси Президенти, профессор Актоты Раймкулованинг кириш сўзи билан бошланди. У, шунингдек, давра суҳбатини модератор сифатида олиб борди. Жамғарма Президенти тадбирни ташкил этиш учун зарур шарт-шароит ва кўмакни таъминлаган барча ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.
Давра суҳбатида Озарбайжон Республикаси Президентининг иқлим масалалари бўйича вакили, COP29 Президенти Мухтор Бабаев; COP29 юқори даражали иқлим чемпиони, Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати Нигар Арпадараи; Миллий Мажлиснинг Оила, аёллар ва болалар масалалари қўмитаси раиси Ҳижрон Ҳусейнова; Миллий Мажлис депутати Фариз Исмоилзода; Маданий меросни муҳофаза қилиш, ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат хизмати раҳбари Сабина Ҳожиева; “Ичери шаҳри” давлат тарихий-меъморий қўриқхонаси бошқаруви кенгаши аъзоси Айтаж Алисултонли; Қозоғистоннинг “International Green Technologies and Investment Projects Center” АЖ Бошқаруви раиси Сакен Калкамонов; “ZHASYL DAMU” АЖ директорлар кенгаши аъзоси ва мустақил директори Камбар Омаров; Акдениз университети Маданий меросни реставрация ва консервация бўлими раҳбари, Бутунжаҳон сувости федерацияси Илмий қўмитаси директори доктор Ҳакан Ўниз; ICOMOS Туркия Миллий қўмитаси ҳамда ICOMOS Маданий меросни сув остида муҳофаза қилиш халқаро қўмитаси аъзоси Жейда Ўзтосунлар расмий маърузачилар сифатида иштирок этди.
Маърузачилар иқлим ўзгаришининг маданий меросга таъсири, маданий ва табиий мероснинг ўзаро боғлиқлиги, биологик хилма-хилликни асраш, анъанавий билим ва амалиётларни сақлаш ҳамда келажак авлодларга етказиш, шунингдек, маданий мероснинг иқлим билан боғлиқ хавфларга чидамлилигини ошириш йўллари ҳақида фикр алмашдилар.
Шунингдек, ушбу йўналишда давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, экспертлар ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш муҳимлиги таъкидланди. Муштарак туркий меросни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодларга етказишга қаратилган қўшма лойиҳалар ҳамда амалий ташаббусларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда Озарбайжон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари (Омбудсман) Сабина Алиева; Туркия Республикасининг Озарбайжон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бирол Акғун; Мексика Қўшма Штатларининг Озарбайжон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мария Виктория Ромеро Кабальеро; Озарбайжонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари; TURKPA, ICESCO ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари; турли мамлакатлардан келган олимлар ва экспертлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этди.
Давра суҳбати доирасида ўтказилган муҳокамалар туркий дунё мамлакатлари ўртасида маданий мерос ва биологик хилма-хилликни асраш бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш, мавжуд тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.
Тадбир очиқ мулоқот шаклидаги муҳокамалар билан давом этди.