Бугун 27 октябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Турк маданияти ва мероси жамғармаси “Озарбайжон адабиётшунослигида Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий” китобини тақдим этди

Турк маданияти ва мероси жамғармаси “Озарбайжон адабиётшунослигида Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий” китобини тақдим этди

12-Боку халқаро китоб ярмаркаси доирасида Турк маданияти ва мероси жамғармаси томонидан нашр этилган “Озарбайжон адабиётшунослигида Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур нашр озарбайжонлик буюк шоир ва мутафаккир Низомий Ганжавий таваллудининг 885 йиллиги ҳамда буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан чоп этилди.

Тадбирда Турк маданияти ва мероси жамғармаси президенти, профессор Оқтоти Раимқулова, Озарбайжон Миллий фанлар академияси Ганжа бўлими Низомий Ганжавий маркази бўлим мудири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Алимуҳтор Муҳторов, филология фанлари доктори, профессор Алмаз Улви Биннатова, филология фанлари бўйича фалсафа докторлари, доцентлар Зеҳра Аллоҳвердиева ва Таҳмина Бадалова, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Афоқ Халили, шунингдек, адабиётшунос олимлар ва китобхонлар иштирок этди.

Тақдимот маросимида сўзга чиққан Жамғарма президенти, профессор Оқтоти Раимқулова нашрнинг туркий дунёнинг икки буюк шоири ва мутафаккири — Низомий Ганжавий ва Алишер Навоийнинг бой адабий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этишдаги аҳамиятини таъкидлади.

У 2025 йил 7 октябрь куни Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарларининг 12-саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ҳар икки адибнинг юбилейлари муносабати билан халқаро илмий конференция ўтказиш таклифи илгари сурилганини қайд этди.

Ушбу ташаббусни ҳам инобатга олган ҳолда, Жамғарма Низомий Ганжавий ва Алишер Навоийнинг ҳаёти ҳамда ижодини қиёсий ўрганишга ҳисса қўшиш мақсадида мазкур нашрни тайёрлади.

Профессор Оқтоти Раимқулова ўз нутқида Озарбайжонда ҳар икки шоирнинг ижодий меросини ўзаро ва қиёсий ўрганиш бой илмий анъаналарга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Китоб тақдимотида сўзга чиққан бошқа олим ва тадқиқотчилар ҳам нашрнинг илмий аҳамияти, хусусан, Озарбайжон адабиётшунослигида Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижодини қиёсий тадқиқ этишдаги ўрнига тўхталиб ўтдилар.

Қайд этиш жоизки, “Озарбайжон адабиётшунослигида Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий” китобида турли йилларда чоп этилган илмий мақолалар илк бор тизимлаштирилиб, ягона нашрда жамланган.

Киритилди: Бугун 11:18. Ўқилди: 120 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!