2025 йил 4 декабрь Туркий Маданияти ва Мероси Фонди Президенти Актоти Райимқулова ва Қозоғистон Республикаси Фан ва Олий таълим вазири Саясат Нурбек ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар туркий дунёда илмий-фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини илгари суриш, олий таълим муассасалари ўртасидаги академик алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек ёш олимлар учун алмашинув дастурларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди.
Актоти Райимқулова Фонд амалга ошираётган маданий меросни ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган лойиҳалар ҳақида маълумот бериб, дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган “Ёзги мактаблар” лойиҳаси илмий алмашинувни кенгайтиришга хизмат қиладиганини таъкидлади.
Қозоғистон Республикаси Фан ва Олий таълим вазири Саясат Нурбек Вазирлик Фонд фаолиятини юксак баҳолашини ва ушбу йўналишдаги ташаббусларни доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканини алоҳида қайд этди.
Учрашувда долзарб масалалар юзасидан мазмунли фикр алмашилди ва келажак учун аниқ қўшма иш режаси кўриб чиқилди.