Европа Лигаси доирасидаги «Бешиктош» – «Маккаби Тел-Авив» баҳси томошабинларсиз ўтади.
Турк клуби турнирнинг умумий босқичи 5-туридан ўрин олган 28 ноябр кунги беллашув Венгриянинг Дебрецен шаҳрида бўш трибуналар олдида ўтказилишини маълум қилди.
Таъкидланишича, Венгрия ўйинни ўтказишга розилик билдирган ягона давлат бўлган.
Дастлаб Венгрия расмийлари баҳсни томошабинлар билан ўтказишга рози бўлганди, бироқ «Маккаби» жамоасининг «Аякс»га қарши Амстердамдаги ўйинидаги воқеалар туфайли учрашувни ёпиқ эшиклар ортида ўтказишга қарор қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Амстердамда бўлиб ўтган Европа лигаси доирасидаги «Аякс» – «Маккаби Тел-Авив» (5:0) ўйинидан сўнг Исроил клуби мухлислари Фаластин байроғини ёқишган ва шундан кейин уларга ҳужумлар бўлганди. Ҳодисадан сўнг фавқулодда чоралар кўрилган ва кўчаларда полиция навбатчилик қилган. Яҳудийларнинг бинолари қўшимча ҳимоя билан таъминланган.