Туркия армияси минтақавий уруш юзага келган тақдирда ҳар қандай таҳдид ва хавфни бартараф этишга тайёр. Haqqin.az нашрининг хабар беришича, бу ҳақда Туркия Миллий мудофаа вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар ва матбуот бўйича маслаҳатчиси Зеки Актурк ҳафталик матбуот анжуманида маълум қилди.
Вазирлик вакили Исроилнинг Ливанга ҳужуми ва Эроннинг Исроилга ракета ҳужуми натижасида юзага келган кескинлик минтақавий урушга айланиб кетиши эҳтимоли ҳақида изоҳ берди.
«Туркия Қуролли Кучлари сифатида минтақамизда ва дунёда мамлакатимиз мудофааси ва хавфсизлигига оид жараёнларни яқиндан кузатиб борамиз, уларни кўп қиррали хавфсизлик стратегияси нуқтаи назаридан баҳолаймиз ва зарур чораларни кўрамиз.
Исроилнинг халқаро ҳуқуққа зид бўлган ғайриинсоний ҳужумлари халқаро хавфсизлик ҳамда глобал ва минтақавий барқарорликка таҳдид солмоқда. Ҳозирги вазият Исроил ҳужумлари Ғазо билан чекланиб қолмаслиги ва бутун минтақага ёйилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотиримиз қанчалик асосли эканини кўрсатди», — деди вазирлик вакили.