АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет келаси ҳафта бошида Исроилга режалаштирилган ташрифини бекор қилди. Бу ҳақда The Jerusalem Post газетаси вазиятдан хабардор манбага таяниб хабар берди.
3 май куни Axios портали Исроил расмийлари орасидаги манбаларга таяниб, Хегсет президент Дональд Трампнинг Яқин Шарққа сафари олдидан Исроилга ташриф буюришни режалаштираётгани ҳақида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, Пентагон раҳбарининг яҳудий давлатига ташрифи 12 май куни кутилган эди. Исроилда Хегсетнинг маҳаллий ҳамкасби Исраэл Катц, шунингдек, мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняху билан учрашувлари режалаштирилган эди.
Аввалроқ Оқ уй Трамп 13-16 май кунлари Яқин Шарққа сафар уюштириши, унинг давомида Саудия Арабистони, Қатар ва БААга ташриф буюриши ҳақида хабар берганди.