АҚШ президенти Доналд Трампнинг Канада, Мексика ва Хитой товарларига импорт божларини жорий этиш тўғрисидаги қарори долларнинг аксарият жаҳон валюталарига нисбатан кучайишига олиб келди.
Душанба куни эрталаб АҚШ доллари Канада долларига нисбатан 1,2 фоизга, Мексика песосига нисбатан эса 2 фоизга қимматлашди. Савдоларда бир АҚШ доллари учун 1,47 Канада доллари ва 21,07 песо таклиф этилди. Мексика валютаси 2021 йил ноябрь ойидан бери бундай паст кўрсаткичга тушмаган эди, Канада валютаси эса 2003 йилдан буён энг паст кўрсаткични қайд этди. Хорижий биржалардаги савдоларда долларнинг юанга нисбатан курси 7,37 даражасига етди, бу Хитой валютаси учун салбий рекорд бўлди.
Бошқа жаҳон валюталари ҳам долларга нисбатан қадрсизланмоқда. Жумладан, евро эрталаб долларга нисбатан 1,2 фоизга тушиб, 2022 йил ноябрь ойидан буён энг паст даражага етди. Австралия доллари беш йиллик минимумга тушди, Швейсария франки эса ўтган йилнинг май ойидан бери АҚШ долларига нисбатан энг паст даражада савдо қилинмоқда.
Криптовалюталарнинг котировкалари ҳам қулаб тушди. Ўтган бир сутка ичида рақамли валюталар бозорининг умумий капиталлашуви 10 фоизга пасайди, энг йирик крипто-активларнинг кўпчилиги сўнгги 24 соат давомида 20 фоиздан ортиққа арзонлашди.
Криптовалюта савдогарлари нархлар қулаши оқибатида бир кунда 2 миллиард доллардан кўпроқ маблағни йўқотдилар. Биткоиннинг курси 93 минг доллардан пастга тушди, криптовалюталар бозорининг умумий капиталлашуви эса шу вақт мобайнида 11 фоиздан кўпроққа камайди. Йирик крипто-биржалардаги битимларни кузатиб борувчи Coinglass хизматининг маълумотларига кўра, ўтган 24 соат ичида савдо позицияларини мажбурий тугатишнинг умумий ҳажми 2,24 миллиард доллардан ошиб кетди. 730 мингдан ортиқ савдогар битимларни мажбурий ёпишга мажбур бўлди. Йўқотишларнинг асосий қисми Ethereum ва бозор капитализацияси пастроқ бўлган алткоинларнинг ўсишига умид қилган савдогарларда қайд этилди.