27 февраль куни Қоҳирада Фаластин масаласи бўйича Араб давлатлари лигасининг фавқулодда саммити ўтказилади. Бу ҳақда Миср Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
"Сўнгги кунларда ўтказилган маслаҳатлашувлар натижасида, АДЛнинг фавқулодда саммити 27 февраль куни Қоҳирада бўлиб ўтиши тўғрисида қарор қабул қилинди," дея таъкидланган Миср ташқи ишлар вазирлиги томонидан тарқатилган махсус матбуот баёнотида.
Миср ТИВ саммитда "Фаластин йўналишидаги жиддий хавф туғдираётган сўнгги воқеалар" муҳокама қилиниши режалаштирилганини, олий даражадаги учрашув эса Фаластиннинг илтимосига кўра ўтказилишини маълум қилди.
Бир кун олдин Asharq Al-Awsat газетаси манбаларга таяниб, Ғазодаги вазият бўйича АДЛ саммити ўтказилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Нашрнинг таъкидлашича, учрашувнинг асосий мақсади "фаластинликларни Ғазо секторидан кўчириш режаларига қарши курашиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш" ва "анклавни тиклаш режаларини" муҳокама қилишдан иборат бўлади.