АҚШ президенти Доналд Трамп ва Украина президенти Владимир Зеленский телефон орқали суҳбатни якунлади. Бу ҳақда Америка раҳбари Truth Social ижтимоий тармоғида ёзиб, суҳбат "жуда яхши ўтгани"ни маълум қилди.
"Ҳозиргина Украина президенти Зеленский билан жуда самарали телефон суҳбати бўлиб ўтди. У тахминан бир соат давом этди. Суҳбатнинг асосий қисми Россия ва Украинанинг талаб ва эҳтиёжларини мувофиқлаштириш мақсадида кеча РФ президенти Владимир Путин билан ўтказилган музокарага асосланди," дея таъкидлади Трамп.
Америка раҳбарининг айтишича, у АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолтсдан муҳокама қилинган масалаларнинг батафсил тавсифини беришни сўраган. Яқин вақт ичида тегишли баёнот эълон қилинади.