Трамп Афғонистондаги NATO аскарлари ҳақидаги сўзлари учун узр сўраши керак — Германия мудофаа вазири.
Германия мудофаа вазири Борис Писториус АҚШ президентининг Афғонистондаги NATO миссияларида қатнашган бошқа давлатлар ҳарбийларини “фронт чизиғидан четда тургани” ҳақидаги иддаосини танқид қилди ва Трампни ҳалок бўлган аскарлар оилаларидан узр сўрашга чақирди.
Писториуснинг таъкидлашича, президентнинг сўзлари “одобсизлик ва ҳурматсизлик” бўлиб, узр сўраш “одоб ва ҳурмат белгиси” бўлади. Вазир ARD телеканалига берган интервьюсида, ушбу масалани Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет билан “илк учрашувдаёқ” муҳокама қилиш ниятида эканини билдирди.
Аввалроқ Германия мудофаа вазири Bild нашри билан суҳбатда немис ҳарбийлари Афғонистонда жами 19 йил давомида хизмат қилганини ва Германия NATO миссияси доирасида “жуда катта бадал тўлаганини” эслатиб ўтган эди.
"Афғонистонда Германиянинг 59 нафар аскари ва уч нафар полициячиси жангларда, ҳужумлар оқибатида ва бахтсиз ҳодисалар туфайли ҳалок бўлган. Кўплаб яраланган ҳарбийлар ҳанузгача олган жароҳатларидан ҳам руҳий, ҳам жисмоний азият чекмоқда. Бу уларнинг оилаларига ҳам тааллуқли бўлиб, улар бу оғриқни умр бўйи кўтариб яшашади", — деган Писториус.