Бугун 27 июль, 2026 йил, душанба

O'ZB

Трамп ўзига қарши суиқасд масаласига ойдинлик киритди

Трамп ўзига қарши суиқасд масаласига ойдинлик киритди

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон ҳукумати унга қарши суиқасд амалга оширгудек бўлса, Теҳронни қандай жазо кутаётганини очиқлади.

“Агар Эрон ҳукумати АҚШнинг амалдаги президенти, яъни мени ўлдирса ёки ўлдиришга уринса, минглаб ракеталар Эрон Ислом Республикасига қарши қўлланади”, – деб ёзди у Truth Social платформасидаги расмий саҳифасида.

Қайд этилишича, Қўшма Штатлар ҳарбийларига бу борада аллақачон йўл-йўриқ берилган ва улар йил давомида Эронни яксон қилишга шай ҳолатда турибди.

Трамп The New York Post нашрига берган интервьюсида ҳам Эроннинг биринчи рақамли нишони экани, унга бирор кор-ҳол бўлса, форс давлати мисли кўрилмаган даражада бомбаланиши ҳақида гапирган.

Аввал хабар берганимиздек, Исроил АҚШ ҳукуматига Эрон томонидан президент Трампга қарши янги суиқасд режаси тайёрланаётгани ҳақида разведка маълумотларини тақдим этган. Манбаларга кўра, Исроилнинг огоҳлантириши жорий ҳафтада Вашингтонга етказилган.

Эрон расмийлари 2020 йилда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси генерали Қосим Сулаймоний АҚШ зарбасида ўлдирилгани учун Трампдан қасос олиш ҳақида бир неча бор баёнот бериб келган. Аммо таҳлилчилар Теҳрон ҳукумати томонидан АҚШ президентига суиқасд амалга оширилиши эҳтимоли паст эканини айтади. Чунки дунёдаги энг қаттиқ қўриқланадиган давлат раҳбарига суиқасд уюштириш ва унинг муваффақиятли чиқиши амримаҳолдир.

Исроилнинг суиқасд ҳақидаги сўнгги огоҳлантириши ҳам Вашингтонни Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни кучайтиришга ундаш мақсадида берилган бўлиши мумкин.

АҚШ ва Эрон ўртасида июнь ойида тузилган сулҳ битими мўрт бўлиб чиқди. 8 июль куни томонлар бир-бирига ҳужум уюштирди. Жумладан, АҚШ ҳарбий кучлари Эрон ҳудудидаги 80 дан ортиқ ҳарбий объектга ҳаво зарбаларини амалга оширди. Вашингтон бу ҳужумларни Эрон томонидан Ҳўрмуз бўғозида тижорат кемаларига қилинган ҳужумларга жавоб сифатида изоҳлади.

Ўз навбатида, Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси АҚШнинг Баҳрайн ва Кувайтдаги ҳарбий объектларига кенг кўламли ракета ва дрон ҳужумларини амалга оширганини маълум қилди.

Бунинг ортидан Трамп июнь ойидан буён амал қилаётган сулҳ битими ўз кучини йўқотгани, аммо музокара имконияти сақланиб қолаётганини айтди.

Маълумот ўрнида: президентликка номзодлик даврида Трампга бир неча бор суиқасд амалга оширилгани ва аксар ҳолларда бундай уринишларнинг олди олингани маълум.

Жумладан, 2024 йил 13 июль куни Пенсильвания штатидаги сайловолди учрашув пайти Трампга қарши суиқасд уюштирилган. 20 ёшли Томас Мэтью Крукс исмли шахс томонидан отилган ўқ Трампнинг ўнг қулоғини ялаб ўтган. Сиёсатчи енгил жароҳат олган, мерган эса отиб ўлдирилган.

Киритилди: 18:39 11.07.2026. Ўқилди: 1195 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!