Дональд Трамп жамоаси Европа етакчиларига АҚШнинг сайланган президенти НАТО давлатларидан мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача оширишни талаб қилиш ниятида эканини айтди. Бундан ташқари, улар Вашингтон янги маъмурият даврида Украинага ҳарбий ёрдам беришда давом этишига ваъда беришди.
Трамп маслаҳатчиларининг Европа расмийлари билан учрашувлари чоғида баён қилган режалари Financial Times суҳбатдошларига маълум бўлди. Аввалроқ Киевни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш ва уни Москва билан зудлик билан музокара бошлашга мажбур қилиш ниятига қарамай, Трамп эндиликда иттифоқчиларни қурол-яроғ таъминотини сақлаб қолишга тайёр эканлигига ишонтирди.
Бироқ, НАТОнинг янги 5 фоизлик мақсади Европада хавотир уйғотмоқда, алянснинг 32 давлатидан фақат 23 таси ҳозирги 2 фоизлик кўрсаткичга эришмоқда. Агар давлатлар Қўшма Штатларга яхши савдо шартларини берса, Трамп мақсадни 3,5 фоизга туширишга рози бўлиши мумкин, дейди манбалар.
Европа ҳукуматлари НАТОнинг июн ойида Гаагада бўлиб ўтадиган саммити учун харажатларни 3% гача оширишни аллақачон муҳокама қилмоқда, бироқ кўпчилик қийин молиявий қарорлардан эҳтиёт бўлмоқда.
"Биз НАТОнинг июн ойида Гаагадаги саммитига қадар 3 фоиз ёки ундан кўп фоиз ҳақида гапираётганимиз жуда аниқ", деди Трампнинг режаларидан хабардор бўлган европалик расмий FT телеканалига.