Бугун 22 декабрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

«Ҳудудгазтаъминот» газ ҳисоблагичлар батареялари билан боғлиқ муаммоларга изоҳ берди

«Ҳудудгазтаъминот» газ ҳисоблагичлар батареялари билан боғлиқ муаммоларга изоҳ берди

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ ижтимоий тармоқларда газ ҳисоблагичларнинг батареялари билан боғлиқ муаммолар кузатилаётгани юзасидан тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Telegramʼдаги «Kurbanoff.net» канали муаллифи Шуҳрат Қурбонов маҳаллий ишлаб чиқарилган газ ҳисоблагичларда бир неча йилдан сўнг (2 йилдан 3 йилгача) батареялар қуввати тугаши, натижада ҳисоблагич тизимга маълумотларни узатишни тўхтатиши ҳақида ёзди. У батареяларни алмаштириш билан фақат газ таъминоти корхонаси мутахассислари шуғулланиши мумкинлигини таъкидлади.

«Ҳудудгазтаъминот»га кўра, мутахассислар томонидан истеъмолчилардаги (батарея ёки алоқадаги муаммо сабаб) алоқага чиқмаётган электрон газ ҳисоблаш ускуналари (ЭГҲУ) мониторинги юритиб келинади. Ушбу мониторинг асосида камчилик аниқланган ЭГҲУлар республикадаги 2 мингга яқин маҳалла газчилари томонидан ўрганилиб, муаммолар ҳал этилмоқда. Таъкидланишича, истеъмолчиларнинг батарея ёки алоқа сим картаси билан боғлиқ мурожаатлари зудлик билан бартараф этиляпти.

«Истеъмолчиларга ўрнатилган ЭГҲУлар хотираси доимий равишда кўрсаткичларни ҳамда 3 ойлик (90 кунлик) кунлик ва соатлик газ сарфи ҳажмларини сақлаб бориш имконига эга. Турли сабабларга кўра ЭГҲУдаги газ сарфи ҳажмлари маълумотлари ўз вақтида истеъмолчи шахсий ҳисобрақамига юбориш имкони бўлмаган тақдирда, аниқланган муаммолар бартараф этилганидан сўнг ЭГҲУ хотирасида маълумотлар қайси кунга тегишли бўлса ўша кунга йўналтирилади ва мазкур давр бўйича ҳисоб-китоб амалга оширилади», — дейилади муносабатда.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ истеъмолчилардан вақти-вақти билан ЭГҲУ ва шахсий кабинетдаги кўрсаткичларни ўзаро солиштиришни тавсия қилади. Кўрсаткичлар ҳақида «Ҳудуд Газ Таъминот» мобил иловаси орқали ёки шахсий кабинет орқали маълумот олиш мумкин. Агар ЭГҲУ ва шахсий кабинетдаги кўрсаткичлар фарқ қилса, ёки ҳисобрақамингиздаги маблағлар ўзгаришсиз қолгани сезилса, дарҳол 1104 қисқа рақамига ёки маҳалла газчисига мурожаат қилиш лозимлиги эслатиб ўтилди.

Киритилди: 23:20 21.12.2024. Ўқилди: 1553 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!