💬 «Менимча, у эҳтимол унга бироз ёрдам бераётгандир, ҳа, эҳтимол. У эса, эҳтимол, биз Украинага ёрдам бераяпмиз деб ўйлаётгандир, тўғрими?» — деди АҚШ президенти Трамп Fox News Radio га берган интервьюсида.
Аввалроқ Bloomberg ғарб разведкаси маълумотларидан хабардор манбаларга таяниб хабар беришича, Россия ҳокимиятлари Эронга турли хил разведка маълумотларини, жумладан сунъий йўлдош суратлари ва дронларни нишонга йўналтириш учун зарур маълумотларни тақдим этмоқда. Бу маълумотлар Теҳронга Яқин Шарқда АҚШ кучларига қарши жавоб зарбалари беришга ёрдам бериши мумкин.
Манбалардан бирининг айтишича, Эронга берилаётган маълумотлар қанчалик самарали экани ва Россия қанчалик тез-тез фойдали разведка маълумотларини улашаётгани аниқ эмас. Бироқ бу икки давлат ўртасидаги муносабатларни акс эттиради: Москва Украинага бостириб кириш жараёнида Эрон ишлаб чиқарган Shahed дронларидан фойдаланган ва энди, эҳтимол, Теҳрон билан ўзининг ҳарбий тажрибаси ва технологияларини бўлишмоқда.
АҚШ президентининг махсус вакили Steve Witkoff аввалроқ CNBC га берган интервьюсида шундай деган эди: душанба куни Трамп билан бўлган суҳбат чоғида Россия томони Эрон билан разведка маълумотларини улашмаётганини билдирган.