Дональд Трамп қаришнинг жисмоний белгиларини ва терисидаги кўкаришларни грим ёрдамида яширади. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.
АҚШ президенти нашрга берган интервюсида 25 йилдан бери ҳар куни катта дозада аспирин қабул қилиб келишини ва кўкаришлар пайдо бўлаётганига қарамай, бу дозани камайтиришдан бош тортишини тан олган.
"79 ёшли Трамп омма олдида ҳам, шахсий ҳаётда ҳам қариш аломатларини намоён қилмоқда. Ёрдамчилари ва дўстлари Трамп билан баландроқ овозда гаплашишга мажбур бўлмоқда, чунки у эшитишда қийналмоқда. Шу билан бирга, Трамп жисмоний машқлар билан шуғулланмайди, шўр ва ёғли овқатларни (гамбургерлар, картошка фри) истеъмол қилади ва кўпинча шифокорлар маслаҳатини эътиборсиз қолдириб, “яхши генетика”га таянади", дея ёзади The Wall Street Journal.
Бироқ АҚШ президентининг даволовчи шифокори унинг саломатлиги “ниҳоятда яхши ҳолатда” эканини ва ўз вазифаларини тўлиқ бажаришга қодирлигини маълум қилган.