Бугун 13 март, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Трамп-Путин суҳбатида нималар муҳокама қилингани эълон қилинди

Трамп-Путин суҳбатида нималар муҳокама қилингани эълон қилинди

Трампнинг айтишича, Путин Украина уруши бўйича музокараларга "дарҳол" рози бўлган. АҚШ президенти Россия раҳбари билан узоқ телефон суҳбати ўтказганини ва улар бир-бирларига ташриф буюриш таклифларини берганликлари ҳақида маълум қилди.

АҚШ президенти Доналд Трамп чоршанба куни Россия президенти Владимир Путин билан узоқ телефон суҳбати ўтказганини ва Россия раҳбари Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокараларни бошлашга розилик билдирганини айтди.

Россия 2022 йил февраль ойида Украинага кенг кўламли ҳужумни бошлаган эди.

Трамп ўзининг Truth Social саҳифасидаги хабарида Путин билан нафақат Украина, балки "Яқин Шарқ, Энергетика, Сунъий интеллект, доллар қудрати ва бошқа турли мавзулар" ҳақида ҳам суҳбатлашганини таъкидлади.

"Аммо энг аввало, иккаламиз ҳам келишиб олганимиздек, Россия ва Украина ўртасидаги урушда содир бўлаётган миллионлаб ўлимларни тўхтатишни истаймиз," деди Трамп.

Аксарият халқаро тахминлар, жумладан, ўтган йили августда АҚШ Конгресси томонидан келтирилган маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар сони анча паст. Россия ўз ҳарбийларининг йўқотишлари ҳақида маълумот эълон қилмайди, Украина эса бир ҳафта олдин 45 мингдан сал кўпроқ аскари ҳалок бўлганини маълум қилди.

"Биз жуда яқин ҳамкорлик қилишга, жумладан, бир-биримизнинг мамлакатларимизга ташриф буюришга келишиб олдик," деди Трамп. "Шунингдек, тегишли жамоаларимиз дарҳол музокараларни бошлашига келишдик ва биз аввало Украина президенти Зеленскийга қўнғироқ қилиб, уни суҳбатимиз ҳақида хабардор қиламиз, буни мен ҳозироқ амалга ошираман."

Трампнинг айтишича, АҚШ томонидан музокараларга давлат котиби Марко Рубио, Марказий разведка бошқармаси директори Жон Ретклифф, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майкл Уолтс ва Яқин Шарқ бўйича махсус вакил Стив Виткофф раҳбарлик қилади.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Трамп ва Путин ўртасидаги суҳбатни тасдиқлади ва Путин Украинадаги можарони муҳокама қилиш учун АҚШ вакилларини Россияда қабул қилишга тайёр эканлигини айтди.

"Путин ва Трамп шахсий алоқаларни давом эттиришга, жумладан, шахсий учрашув ташкил этишга келишиб олдилар," деди Песков, Путин Трампни Москвага таклиф қилганини таъкидлаб.

Телефон суҳбатидан бир неча соат ўтгач, Трамп ўзи ва Путин Саудия Арабистонида учрашишини маълум қилди. У журналистларга, бир-бирининг мамлакатларига ташриф буюриш режаларидан ташқари, улар "эҳтимол" дастлаб Саудия Арабистонида учрашишларини айтди.

Президентнинг сўзларига кўра, аниқ сана ҳали белгиланмаган, бироқ учрашув "яқин келажакда" бўлиб ўтади.

Киритилди: 21:00 14.02.2025. Ўқилди: 2592 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!