АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп мудофаа вазири лавозимига Fox News телеканали бошловчиси ва АҚШ армияси фахрийси Пит Хегсет номзодини илгари сурди.
Бу ҳақда Трампнинг ўтиш давридаги жамоаси эълон қилган баёнотида айтилган.
"Пит бутун умри давомида жангчи бўлиб келган. Пит қаттиққўл, ақлли ва Америкада ҳақиқий диндор", - деди Трамп ўз баёнотида.
Трампнинг сўзларига кўра, Пит Хегсет билан Америка армияси "яна буюк бўлади".
Пентагон раҳбари лавозимига Хегсетдан ташқари Вакиллар палатасининг Қуролли кучлар қўмитаси раиси Майк Рожерс ва истеъфодаги генерал-лейтенант Кейт Келлог ҳам кўриб чиқилди.
44 ёшли Хегсет АҚШ Миллий гвардияси фахрийси бўлиб, Афғонистон, Ироқ ва Гуантанамода хизмат қилган. 2014 йилдан бери Fox News компаниясида ишлайди. 2016 йилда Хегсет республикачилар, жумладан Марко Рубионинг танқидига қарамай, Трампнинг биринчи нуфузли тарафдорларидан бирига айланди.