Газета манбаларига кўра, ўтган ҳафта Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт АҚШ Давлат департаменти, Молия вазирлиги ва Миллий хавфсизлик кенгашига “Эронга қарши янги санкциялар жорий этиш бўйича барча фаолиятни вақтинча тўхтатиш” талаб қилинганган кўрсатма йўллаган. Натижада АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эронга “максимал босим” ўтказиш кампанияси амалда тўхтаб қолган.
Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Анна Келли WSJ'га берган изоҳида бу маълумотни тўғридан тўғри рад этмади, бироқ "Оқ уй ёки тегишли идоралар санкциялар масаласи бўйича ҳар қандай янги қарорни эълон қилишини" билдирди.
"Вашингтон охирги марта 21 май куни Теҳронга нисбатан чекловлар киритган ва ўшандан бери АҚШ Молия вазирлиги янги санкциялар эълон қилинишини камида икки марта кечиктирди. Нефт сотиш ва Эроннинг музлатилган активлари бўйича асосий санкциялар ўз кучида қолиши мумкин. Бироқ Трамп маъмуриятининг баъзи расмийлари ушбу паузанинг давомийлиги ва кўлами ҳақида аниқлик йўқлигидан хавотирда", деб ёзади Тhe Wall Street Journal.
Америкалик айрим расмийларнинг фикрича, бундай ёндашувдан мақсад Эроннинг ядровий дастури бўйича нозик музокаралар нуқтаи назаридан бўлажак чеклов чораларини синчковлик билан таҳлил қилишдир.
30 май куни АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтон ва Теҳрон яқин орада Эрон ядро дастури бўйича келишувга эришиши мумкинлигини айтганди. Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса мамлакатлар ҳали ҳам келишув тузишдан узоқда эканини билдирди.