Бугун 20 апрель, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Трамп Гарвард университети узр сўрашини хоҳламоқда — Оқ уй

Трамп Гарвард университети узр сўрашини хоҳламоқда — Оқ уй

АҚШ президенти матбуот котиби Кэролайн Ливиттнинг айтишича, 2,2 миллиард доллар миқдоридаги федерал грантлардан маҳрум этилган Гарвард университети "яҳудий миллатига мансуб америкалик талабалар нисбатан кампусда юз берган очиқ антисемитизм учун узр сўраши керак".

Ливитт маъмурият ҳаракатларини университет кампусларида "антисемитизмни жиловлашга қаратилган уриниш" деб таърифлади. Бундан ташқари, Оқ уй Гарварддан ўзининг хилма-хиллик, тенглик ва инклюзивлик дастурларини тугатишни, ниқоб тақишни тақиқлашни ва ишга олиш амалиётини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда.

Гарвард университети Трамп маъмуриятининг бу талабларини бажаришдан бош тортди, шундан сўнг Оқ уй грантларни музлатиб қўйди.

Сешанба куни АҚШ президенти Доналд Трамп Гарвард университетини “солиқлардан озод қилинганлик” мақомидан ҳам маҳрум қилиш билан таҳдид қилди.

Оқ уй матбуот котиби шунингдек, Гарвард ва бошқа таълим муассасаларини фуқаролик ҳуқуқлари тўғрисидаги қонуннинг VI бўлимини бузишда айблади. Ушбу бўлим федерал маблағ олаётган ташкилотларга ирқий ёки миллий келиб чиқиши асосида камситишни тақиқлайди.

Reuters'нинг қайд этишича, ушбу қонунга кўра, молиялаштириш фақат тўлиқ тергов ва эшитувлардан сўнг, ҳамда Конгрессга 30 кунлик хабарнома юборилганидан кейингина тўхтатилиши мумкин. Бироқ Гарвард ва март ойида молиялаштиришдан маҳрум этилган Колумбия университети билан юз берган ҳолатларда бу жараён амалга оширилмаган.

Гарвард битирувчиси, АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама университетнинг Оқ уйнинг талабларини рад этиш қарорини олқишлади.

"Гарвард академик эркинликка қарши ноқонуний ва бемани босимни рад этиб, бошқа олий ўқув юртларига ўрнак бўлди. Умид қиламизки, бошқалар ҳам бу намунага эргашади", — деб ёзди Обама Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Киритилди: 10:33 16.04.2025. Ўқилди: 705 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!