Бугун 15 ноябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Трамп дунёдаги ядро қуроллари сонини қисқартириш масаласини муҳокама қилмоқчи

Трамп дунёдаги ядро қуроллари сонини қисқартириш масаласини муҳокама қилмоқчи

Трамп Путин ва Си Жинпин билан бўлиб ўтадиган учрашувда дунёдаги ядро қуроллари сонини қисқартириш масаласини муҳокама қилмоқчи — Оқ уй матбуот котиби.

Унинг сўзларига кўра, уч давлат раҳбарининг учрашуви 19 ноябр куни Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (АPEC) саммити доирасида Хитойнинг Шенчжен шаҳрида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Унда асосий эътибор ядро қуроллари устидан назорат ва уларнинг сонини камайтириш масаласига қаратилади.

"АҚШ президнети дунёдаги ядро қуроллари сонини қисқартириш масаласини муҳокама қилади. Президент Трамп уларнинг тарқалишини жуда хавфли деб ҳисоблайди", — деди Оқ уй вакили.

Бу уч давлат раҳбарларининг тарихдаги илк уч томонлама учрашуви бўлади. Аввалроқ Оқ уй вакиллари томонлар ядро қуроллари бўйича кенг кўламли келишув ишлаб чиқиш масаласини, шунингдек, Эрон можароси ва Шимолий Корея атрофидаги вазиятни муҳокама қилиши мумкинлигини билдирган эди.

Бироқ Трамп маъмуриятининг юқори мартабали вакили ядро қуроллари бўйича учрашувдан муайян келишувга эришиш кутилмаётганини таъкидлади.

"Биз қандайдир келишувга эришишни кутмаяпмиз. Бу Хитой учун муҳокама қилиш қийин бўлган мавзу. Аммо Хитой ҳам бу масалада катта давлатлар қаторида ўз масъулиятини англаб, жиддий мулоқотга киришиши вақти келди, деб ҳисоблаймиз", — деди АҚШ маъмурияти вакили.

Пекин кўп йиллардан буён Вашингтон билан ўзининг ядро дастури юзасидан тўғридан тўғри музокара ўтказишдан бош тортиб келади. Хитойнинг фикрича, ядро қуроллари захираси анча катта бўлган Россия ва АҚШ бу масалани аввало ўзаро муҳокама қилиши керак.

Reuters суҳбатлашган АҚШ маъмурияти вакилининг айтишича, Трамп учрашувда Эрон билан боғлиқ АҚШ ва Исроил урушини ҳам кўтаради. Бироқ Россиянинг Украинага қарши уруши муҳокама қилиниши кутилмаяпти.

Шунингдек, Трампнинг Путин билан алоҳида, яккама-якка учрашуви режалаштирилмаган. Томонлар Украинанинг Илон Маскга тегишли SpaceX компанияси томонидан тақдим этиладиган сунъий йўлдош алоқа хизматидан фойдаланиши масаласини ҳам муҳокама қилмайди.

АҚШ маъмурияти вакилининг изоҳлашича, Вашингтон ва Москва ўртасида Украина масаласи бўйича сўнгги пайтларда кўплаб учрашувлар ўтказилган, бироқ Хитой бу музокаралар жараёнининг бир қисми эмас. Шу сабабли масалани уч томонлама учрашувда кўтариш мақсадга мувофиқ эмас.

Киритилди: 10:24 14.11.2026. Ўқилди: 433 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар