АҚШ президенти Дональд Трамп келаси ҳафта Давлат департаменти ва АҚШнинг Африкадаги элчихоналари фаолиятини қисқартириш ҳақидаги фармонни имзолаши мумкин.
Бу ҳақда The New York Times нашри хабар бермоқда.
Унинг сўзларига кўра, фармон Давлат департаментини тубдан қайта қуриш, жумладан, Африка қитъасидаги кўплаб мамлакатлардаги АҚШ элчихоналарини ёпишни назарда тутади.
Фармонда иқлим ўзгариши, миграция ва инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи бюрони қисқартириш ҳақида ҳам маълумотлар бор, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, энг жиддий ўзгариш Африка мамлакатларидаги сиёсатни назорат қилувчи бўлимнинг тугатилиши бўлади. Унинг ўрнига Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашига ҳисобот берадиган АҚШнинг Африка ишлари бўйича махсус элчисининг идораси тайинланади.
14 апрель куни The New York Times газетаси АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Давлат департаментига ажратиладиган бюджет маблағларини деярли ярмига қисқартиришни режалаштираётгани ҳақида хабар берди. Халқаро ташкилотларга ажратиладиган маблағлар миқдори янада кўпроқ – қарийб 90 фоизга қисқартирилади.