"BRICS'нинг антиамерика сиёсатига қўшилган ҳар қандай мамлакат учун қўшимча 10 фоизлик савдо тарифи жорий қилинади. Бу сиёсатда ҳеч қандай истисно бўлмайди!" — деб ёзди АҚШ президенти ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.
Бундан бир неча соат олдин BRICS давлатлари саммитида Трампнинг бож тўловларини танқид қилинган эди. Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтаётган саммит декларциясида "савдо муносабатларини бузувчи ва ЖСТ қоидаларига зид бўлган бир томонлама тариф ва нотариф чораларнинг кўпаяётганидан жиддий хавотир" билдирилган. Ҳужжатда АҚШ ёки унинг президенти тўғридан-тўғри тилга олинмаган.
Маълумот учун, ҳозирда BRICS таркибига Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка Республикаси, Эрон, Миср, Эфиопия ва Бирлашган Араб Амирликлари ва Индонезия давлатлари киради. Бугунги кунда мазкур блокка кирувчи мамлакатларда дунё аҳолисининг қарийб ярми яшайди ва уларнинг умумий иқтисодий ҳажми жаҳон иқтисодиётининг 40 фоизига етган.