Бугун 17 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Трамп биткоин ортидан 1 миллиард долларлик қарзга дуч келиши мумкин

Трамп биткоин ортидан 1 миллиард долларлик қарзга дуч келиши мумкин

АҚШ президенти Дональд Трамп оиласига тегишли, Truth Social ижтимоий тармоғи эгаси бўлган Trump Media & Technology Group компанияси миллиард долларлик қарзини тўлаш учун ўз активларини сотишга киришиши мумкин. Бу ҳақда Financial Times нашри хабар берди.

«Трампнинг медиакомпанияси биткоинга тикилган ставкаси ўз кучини йўқотаётгани сабабли 1 миллиард долларлик қарз инқирози хавфига дуч келмоқда», — дейилади нашрда.

ОАВ маълумотларига кўра, йил бошидан буён компания акциялари қиймати 60 фоизга пасайиб, 4,64 долларга тушган. Шу билан бирга, биткоин сўнгги бир йил ичида ўз қийматининг қарийб учдан бир қисмини йўқотган.

Бунинг оқибатида компания облигацияларини 34,72 долларлик нархда акцияларга алмаштиришни режалаштирган инвесторлар бундай имкониятдан маҳрум бўлди. Энди уларда облигацияларни сақлаб қолишдан кўра, уларнинг номинал қийматини қайтаришни талаб қилиш учун кўпроқ асос бор.

Trump Media & Technology Group компаниясининг криптовалютага киритган маблағлари унинг энг қимматли активи ҳисобланади. Жорий йил сентябрь ойида уларнинг қиймати 1,36 миллиард долларни ташкил этган. Бироқ компаниянинг эркин фойдаланиш мумкин бўлган маблағлари 395 миллион долларга баҳоланган, активларининг умумий қиймати эса 2,5 миллиард долларни ташкил қилган.

Компания облигацияларни қайта молиялаштиришни режалаштирмоқда. Бироқ таклиф этиладиган шартлар облигация эгалари учун ноқулай бўлиши, шунингдек, битим амалга ошмай қолиши ҳам мумкин.

Киритилди: 18:10 15.11.2026. Ўқилди: 597 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар