Қўшма Штатлар Ямандаги ҳарбий кампаниянинг дастлабки 30 куни ичида ҳусийлар АҚШга тегишли етти дона МQ-9 дронини (ҳар бири тахминан 30 миллион доллар туради) уриб туширди. Бу эса АҚШ Марказий Қўмондонлигининг ҳусийларни кузатиш ва уларга зарба бериш имкониятларини жиддий қийинлаштирди.
Бундан ташқари, Қўшма Штатларга тегишли F-16 ва F-35 қирувчи самолётлари ҳусийларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилишига сал қолган, бу эса АҚШ ҳарбийлари орасида йўқотишлар эҳтимолини янада оширган.
"Қўшма Штатларнинг Ямандаги операцияси ҳеч қандай натижа бермади. АҚШ ҳусийлар устидан ҳатто ҳавода устунликни ҳам қўлга кирита олмади. Аксинча, 30 кунлик кучайтирилган кампаниядан сўнг Яман гуруҳига қарши бўлган яна бир қиммат, аммо самарасиз ҳарбий операция юзага келди", деб ёзади NYT.
Шундан сўнг, АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Уммон расмийлари томонидан ўт очишни тўхтатиш таклифи келганини маълум қилди. Унга кўра, америкаликлар Яманда бомбардимонларни тўхтатади, ҳусилар эса Қўшма Штатлар кемаларига ҳужум қилмайди, лекин бу ҳеч қандай расмий келишувсиз амалга ошади.
Яқин Шарқдаги чўзилган урушларга доимо шубҳа билан қараган Трамп, Ямандаги ҳарбий кампаниянинг 31-кунида ҳеч қандай натижани кўрмагач, бу таклифга рози бўлди.