Қатор Ғарб давлатлари етакчилари Украинадаги фронтдаги вазият кузга бориб жиддий ёмонлашиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Бу ҳақда Financial Times нашрининг бош халқаро шарҳловчиси Гидеон Рахман ёзмоқда.
Унинг маълумотларига кўра, ҳарбий таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, агар Украина яқин олти ой ичида катта миқдорда янги ҳарбий ёрдам олмаса, фронтда ўз имкониятларининг чеккасига етиб келиши мумкин. Шу билан бирга, Россия ҳозирги ҳужум суръатини энг камида бир йил сақлаб туриш қобилиятига эга.
Мутахассислар таъкидламоқдаки, Украина учун муаммо фақат қурол-яроғ етишмаслиги эмас — аскарлар танқислиги ва аҳоли орасидаги руҳий чарчоқ ҳам жиддий таҳдид ҳисобланади. Бу эса шаҳарларга уюштирилаётган доимий зарбалар фонида, мамлакатда «ғалабага етиш ёки камида уруш тугаши»га оид аниқ тасаввур бўлмаса, янада кучаяди.
Одесса — эҳтимолий асосий мақсад
Ғарбдаги баъзи юқори мартабали расмийлар фикрича, Россиянинг асосий мақсади — Одессани эгаллаб, Украинани денгиздан бутунлай узиб қўйиш бўлиши мумкин. Бу эҳтимол Украина учун стратегик ва иқтисодий жиҳатдан ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.
«Агар Ғарб ёрдами жиддий равишда кўпаймаса, Украина армияси тиқилиб қолиш ва заифлашиш хавфига дуч келади. Бу эса фронтда тўлиқ чўкишга олиб келиши мумкин», — дейди манбалардан бири.
Шу билан бирга, Украина Ғарб расмийларини отишмаларни тўхтатиш ва музокаралар учун ҳаракат қилишга даъват этмоқда. Аммо кўпчилик европалик сиёсатчилар Россиянинг бу борада рози бўлишига ишонмаяпти.