Ўтган ҳафта АҚШ ҳукумати камида 29 та давлатдаги дипломатик миссия вакилларини ваколат муддати январда тугаши ҳақида огоҳлантирган.
Бу ҳақда Associated Press агентлиги Давлат департаментидаги манбаларига таяниб хабар берди.
Бу давлатлар қаторида 13 та Африка давлати, Осиё-Тинч океани минтақасидан олтита (жумладан, Филиппин ва Вьетнам), Европа қитъасидан тўртта (Арманистон, Македония, Черногория ва Словакия), шунингдек, Жазоир, Миср, Непал, Шри-Ланка, Гватемала ва Суринам бор.
Лавозимидан озод этилаётган дипломатлар Жо Байден маъмурияти даврида тайинланган эди. Associated Press нашрининг ёзишича, уларнинг ўрнини Трампнинг устувор йўналишлари ҳамда унинг «America First» («Америка биринчи навбатда») ғоясини қўллаб-қувватлайдиган ходимлар эгаллайди.
Politico нашри эса бу қадамни «ноодатий» деб атамоқда. Одатда янги келган президентлар сиёсий элчиларни алмаштирса-да, карьеравий дипломатларга ўз ишини давом эттиришга имкон берилар эди. Бироқ бу гал Трамп маъмурияти бошқача йўл тутишга қарор қилган.