Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан 18 ноябр куни Тошкент шаҳрининг асосий кўчаларида Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ҳарбий бўлинмаларининг давлат байроғи билан намойишкорона пиёда юришлари ташкил этилади.
Хабар қилинишича, ҳарбий бўлинмаларнинг пиёда юришлари «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида соат 11:00 да кўргазмали чиқишлар билан бошланади.
Ҳарбий бўлинмалар «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасидан йўлга чиқиб, (Сағбон ва Зарқайнар кўчалари орқали) Ўзбекистон давлат табиат музейи – «Чорсу» бозори – Тошкент цирки (Зарқайнар кўчаси) – Ўзбекистон шоҳкўчаси ва Фурқат кўчаси йўналиши бўйлаб ҳаракатланади ҳамда «Халқлар дўстлиги» санъат саройи майдонигача етиб боради.
«Халқлар дўстлиги» санъат саройи майдонида ҳарбий хизматчиларнинг маҳорати ва жанговар шайлигини намоён этувчи кўргазмали чиқишлар ўтказилади. Жумладан, Фахрий қоровул жамоаси ҳамда қўл жанги усталарининг маҳорат намойишлари, ҳарбий бўлинмаларнинг жанговар чақируви ва ҳарбий оркестрнинг тантанавор дефиле намойишлари ижро этилади.