АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп сайёрадаги асосий юк ташиш йўлларидан бирини ўз назоратига олиш истагини яна бир бор таъкидлаганидан сўнг, Панама ҳукумати каналга эгалик ҳуқуқи муҳокама қилинмаслигини билдирди.
"Каналимиз суверенитети музокаралар олиб бўлмайдиган ва тарихий курашимизнинг бир қисмидир. Панама президенти бу борадаги ўз позициясини аниқ билдирди", — дея таъкидлади Панама Ташқи ишлар вазири Хавьер Мартинез-Ача Васкес.
Аввалроқ президент Хосе Раул Мулино канал ва унинг атрофидаги ҳудуднинг ҳар бир квадрат метри ўз мамлакатига тегишли эканлигини ва шундай бўлиб қолишини айтган эди.
Доналд Трамп бир кун аввал Панама расмийлари билан канал тақдирини муҳокама қилаётганини айтганди. Панама Ташқи ишлар вазири Қўшма Штатлар ҳукуматининг янги маъмурият билан алоқа қилмаганини билдирди.