Марказий банк ҳисоботига кўра, II чорак даврида кўчмас мулк бозорида тузилган битимлар сони 88,1 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,9 фоизга ошган. Биринчи ярим йилликда кўчмас мулк олди-сотдиси билан боғлиқ шартномалар сони ҳам ўсишда давом этиб, 148,4 мингтани ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 12,1 фоизга кўпдир, дейилади Марказий банк ҳисоботида.
Нархлар даражаси юқори бўлган Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд ва Навоий вилоятларида ўсиш деярли ўзгармади ёки секинлашди. Масалан, пойтахтда иккиламчи бозордаги нархлар ой давомида 1 квадрат метр учун 15,28 млн сўмдан 14,9 млн сўмга, Тошкент вилоятида 8,33 млн сўмдан 8,21 млн сўмга тушди.
Тошкентда ижара тўловларининг пасайиши давом этмоқда - июнь ойида пасайиш йиллик ҳисобда 6,1 фоизни ташкил этди. Тошкент шаҳридаги ер участкалари сегментида июнь ойи якунлари бўйича 100 квадрат метр (1 сотих) ернинг қиймати 334 млн сўмни ташкил этди, бу 2024 йилдаги қийматлардан 2,5 фоизга паст.