Бугун 4 июль, 2020 йил, шанба

O'ZB

Тошкентда қурилаётган кўп қаватли уйлардан бири бузилади: у ноқонуниймиди?

Тошкентда қурилаётган кўп қаватли уйлардан бири бузилади: у ноқонуниймиди?

Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида кенг муҳокамага сабаб бўлаётган Мирзо Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчаси, 326-уй «Б» «В» манзилларидаги қурилиш юзасидан расмий баёнот берди.

Мазкур қурилмани қуриш учун жавобгар томонидан зарур бўлган рухсатнома олинган, қурилмани қуришни амалга ошириш учун лойиҳа ҳужжатлари тайёрланган ва тегишли тартибда бу лойиҳа рўйхатдан ўтказилган. Аммо тайёрланган лойиҳада шаҳарсозлик нормаси ва қоидалари бузилганлиги, лойиҳа ҳужжатларидан четга чиқиш ҳолати мавжуд эканлигини маълум қиламиз.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 12 февралдаги «Аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қатъий бажарилишини назорат қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 41-сонли қарорига асосан туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати, маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ҳамда туман ҳокимлиги қурилиш бўлими ходимлари иштирокида ушбу манзилдаги қурилиш объекти юқоридаги қурилиш нормаларини бузган ҳолда қурилганлиги юзасидан 2020 йил 12 майда тегишли тартибда далолатнома тузилган.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 212-моддасига кўра қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади. Шу ўринда ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс, унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.

Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман хокимлиги томонидан фуқаролар Ядгарова Ш.Б. ва Ядгарова Ш.Г.лар ҳолат юзасидан имзо қўйишдан бош тортганлиги сабабли тегишли тартибда далолатнома тузилган.

Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги қонунбузарликка йўл қўйган фуқаролар Буюк ипак йўли кўчаси, 326-уй «Б» «В» манзилларидаги қурилмани бузиш ва ўз ҳолатига келтириши ҳақида Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро судига даъво аризаси киритилган. 

"Шу ўринда ушбу қурилиш объекти атрофида истиқомат қилаётган фуқароларимизга суднинг одилона қарорини кутишларини сўраб қоламиз", — дейилади баёнотда.

 

Киритилди: 14:44 02.06.2020. Ўқилди: 4755 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!