Тошкентда нарколаборатория очган йирик жиноий гуруҳ фош этилди.
ИИВ Тезкор қидирув департаменти, Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда ДХХ томонидан гиёҳвандлик моддалари ва кучли таъсир қилувчи воситаларнинг савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олиниб, йирик нарколабораториялар фош этилди.
Ушбу жиноий гуруҳ аъзолари жиноий фаолият олиб бориш мақсадида вазифаларни ўзаро тақсимлаб олишган.
Жумладан, 2000 йилда туғилган Ш.У.«омбор мудири», 2000 йилда туғилган О.М., 2000 й.т. О.Т.лар «лаборант», 2004 йилда туғилган Ш.Ў. «қадоқловчи» вазифаларини бажаришган.
Тайёрланган кучли таъсир қилувчи воситаларни аҳоли орасида, таълим муассасалари олдида тарқатиш мақсадида «тарқатувчи»ларни («закладчиклар») ёллашган. Шунингдек, ижтимоий тармоқ платформасида онлайн наркодўкон очишган.
Нарколаборатория ташкил қилиш мақсадида жиноий гуруҳ аъзолари иккита хонадонни ижарага олган. Ушбу хонадонларда кучли таъсир қилувчи воситаларни қадоқлаш учун зарар бўлган асбоб-анжомлар, капсулалар, кукун кўринишидаги кучли таъсир қилувчи моддалар, прекурсорларни сақлашган.
Ҳамкорликда ўтказилган тезкор-тадбирлар давомида «тарқатувчи» вазифасини бажарган шахслар: 1993 йилда туғилган В.А., 2003 йилда туғилган Д.Ю., 2004 йилда туғилган И.Р.лар ушланган. Холислар иштирокида текширилганда уларнинг ёнидан жами 1 050 дона кучли таъсир қилувчи воситалар, телефон аппаратлари аниқланган ва далолатнома асосида расмийлаштириб олинган.
Тошкент вилоятида давом эттирилган тезкор тадбирда Ш.Ў., Ш.У., О.М.лар ижарада яшаб келган хонадонда тинтув тергов ҳаракати ўтказилган. Холислар иштирокида кўздан кечирилган ушбу хонадонда 9 кг «Прегабалин», 500 грамм )«Тропикамид» моддалари, 600 дона капсуладаги «Прегабалин» кучли таъсир қилувчи дори воситалари, қадоқлаш учун зарур асбоб-анжомлар далилий ашёлар тариқасида олинган.
Шунингдек, Олмалиқ шаҳрида О.Т. ижарада яшаётган хонадон холислар иштирокида кўздан кечирилганда 6 кг «Прегабалин», 500 грамм «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда қадоқлаш учун зарур асбоб-анжомлар аниқланиб, баённома асосида расмийлаштириб олинди.
Мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251-прим.1-моддаси («Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш») билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан 360 мингдан ортиқ бир маротабалик дозага тенг бўлган кучли таъсир қилувчи воситаларининг аҳоли орасида тарқалиши олди олинди.