22 декабрь куни Humo Arena муз мажмуасида Ўзбекистон хоккей федерацияси кўмагида Минскнинг “Динамо” ва Москванинг “Спартак” жамоалари ўртасида Минтақавий хоккей лигаси мунтазам чемпионатининг хоккей ўйинлари бўлиб ўтди. Россия пойтахтининг жамоаси учун ушбу учрашув яна бир муҳим сана - клуб таваллудининг 78 йиллигига тўғри келди.
Ўзбекистон KHL ўйинини ўз ҳудудида ўтказган 16-давлат ҳисобланиб, бир вақтнинг ўзида рекорд даражадаги - 9405 киши ўйинни томоша қилгани ташриф буюрди. Шу вақтгача KHL World Games ўйинлари тарихида бирорта ўйинда бундан ортиқ мухлис иштирок этмаган.
Ўйин доирасида турли тадбирлар ва қизиқарли учрашувлар ташкил қилинди. Ўзбекистон хоккей федерацияси мактабларида шуғулланаётган ёш хоккейчилар жаҳон хоккейининг суперюлдузлари ва афсоналари - Илья Ковалчук, Сергей Фёдоров ва Валерий Каменский иштирокидаги маҳорат дарсларида қатнашдилар. Бундай жаҳон миқёсидаги спорт усталари ўтказган машғулотлар шубҳасиз ҳар бир иштирокчи учун ажойиб ва унутилмас имкониятдир.
Мухлислар учун ҳам кўплаб фаол тадбирлар бўлиб ўтди. Юқорида санаб ўтилган хоккей афсоналари, шунингдек, машҳур stand-up комик Евгений Чебатков томонидан дастхат тарқатиш, ўйин давомида кўплаб танловлар мухлислар учун кутилмаган совға бўлди. Ҳатто бир нечта омадлилар ҳам янги iPhone 16 эгаларига айланишди.
Учрашув “Спартак” жамоасининг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Барча иштирокчилар ва томошабинларнинг фикрларига кўра, матч катта таассуротларга бой бўлди.
Алексей Морозов, КХЛ президенти:
- Тошкентдаги KHL World Games муваффақиятли ўтди - Минскнинг “Динамо” ва “Спартак” жамоалари ажойиб хоккей ўйинини намойиш этишди, томошабинларни чиройли голлари билан хурсанд қилишди ва овертаймда ҳам ажойиб натижа кўрсатишди. Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган ушбу учрашувга 9405 нафар томошабин ташриф буюргани қувонарлидир - бу KHL World Games тарихидаги янги рекорддир. Ишончим комилки, хоккейчилар ҳам, мухлислар ҳам бу ўйиндан чинакамига завқланишди. Биз мунтазам чемпионатдаги ўйинларнинг қайтганига жуда хурсандмиз ва янги мавсумда ушбу анъанани давом эттиришни режалаштирмоқдамиз.