Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан тунги иқтисодиёт бўйича Буюк Британия, Таиланд, АҚШ, БАА ва Австралия тажрибаси ва ушбу йўналишни Ўзбекистонда янада ривожлантириш истиқболлари ўрганилди.
Тошкент шаҳрида тунги иқтисодиётни ривожлантириш учун биринчи қадам сифатида амалга оширилиши лозим бўлган имкониятлар четда қолиб, бир нечта кўчаларни гастрономик кўчаларга айлантириш чора-тадбирлари билан чекланиб қолинмоқда, дейилади маълумотда.
Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди:
- 2025 йил 1 февралдан бошлаб тунги иқтисодиёт ва туризмни ривожлантиришга қаратилган ишчи гуруҳ ташкил этиш;
- тунги иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар жума ва шанба кунларида дам олиш масканларни 24/7 режимида узлуксиз равишда ишлашини таъминлаш ва тунда фаолият олиб борувчи масканларнинг иш вақти билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш;
- Тошкент шаҳрида туристик салоҳиятга эга ҳудудларни белгилаб ушбу ҳудудларда тунги фаолият зоналарини ташкил қилиш;
- тунги иқтисодиёт ривожлантирилиши режалаштирилган шаҳарларнинг ҳар бирида жамоат транспортини (автобус, трамвай, метро) 24 соатлик режимга ўтказиш;
- “Тунги Тошкент” электрон платформасини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу платформада тунда фаолият олиб борадиган масканлар, тунги жамоат транспорти йўналишлари ҳамда махсус арзонлаштирилган таклифлар ҳақида маълумот олиш имконини яратиш;
- тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида белгиланган муайян ҳудудларни модернизация қилиш, кўчаларда ёритиш тизимини кучайтириш ҳамда аҳоли ва туристлар учун қўшимча қулайликлар яратиш.
“Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони лойиҳаси ҳамда тунги иқтисодиётни ривожлантириш ва лицензиялар бериш тартибини ислоҳ қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.