Бугун 27 сентябрь, 2022 йил, сешанба

O'ZB

Тошкентда ҳамкасбини ўлдирган санъаткор 11 йилга қамалди

Тошкентда ҳамкасбини ўлдирган санъаткор 11 йилга қамалди

Муқаддам ўғрилик, қасддан баданга енгил шикаст етказиш жиноятларини ҳам содир этган 26 ёшли, оилали шахс бу гал қўлини қонга ботирди. Кишини ўйга толдирадигани – жабрланувчи ҳам, судланувчи ҳам санъат вакилларидан бўлишган...

Судланувчи ўзининг истеъмоли учун танишидан гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш мақсадида, унга 350 000 сўм берган. Бироқ таниши ваъдасини бажармасдан, судланувчига гиёҳвандлик моддасини етказиб бермайди. Натижада улар ўртасида бўлиб ўтган ўзаро суҳбатлар жараёнида келишмовчилик юзага келган. Бунинг замирида судланувчида танишидан ўч олиш мақсади пайдо бўлган.

Сўнг, судланувчи танишига қўнғироқ қилади. Унинг таклифи билан шу куни танишининг хонадонига боради. Ичкарига киргач, муқаддам уни ҳақоратлагани сабабли у билан ўзаро жанжаллашади. Уни қасддан ўлдириш мақсадида, хонадонда бўлган ошхона пичоғи билан қуролланади. Ювиниш хонасига кирган танишининг ортидан келиб, пичоқ билан унинг кўкрак қафаси ўнг томон юқори қисми, чап курак ости қисмига санчилган-кесилган жароҳатлари етказади. Танишининг ҳаракатсиз ётганлигини кўрганидан сўнг воқеа жойидан яширинган.

Ҳаёт учун хавфли бўлган, кўкрак қафаси чап томони орқа юзасини тешиб кирган чап ўпка ва плевра варақаларини шикастлаган санчиб-кесилган жароҳати оқибатида ички ва ташқи қон кетишдан таниши тез-тиббий ёрдам машинасида вафот этган.

“ҚАСД ОЛИШ УЧУН ЎЗ ВАҚТИНИ КУТИБ КЕЛДИМ”

Судда судланувчи айбига қисман иқрор бўлди...

— 2016 йилнинг ёз ойларида тўй маросимида хизматда юрганимда, бошқа бир гуруҳ аъзоларидан бири билан танишиб қолганман. Танишимнинг таклифи билан тўйхона ташқарисига чиқиб, у олиб келган наша гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилдик. Кейин у мени гиёҳвандлик воситаси билан тез-тез меҳмон қилишни бошлади. Нашани қаердан олаётгани айтмаган. У билан тез-тез қўнғироқлашиб, ундан гиёҳвандлик воситасини сотиб олиб, истеъмол қилишга ўрганиб қолгандим. Орада у “ҳозир наша йўқ”, дея “Лирика”ни 20 000 сўм эвазига сотиб олишни таклиф қилди. Рози бўлиб, бир ўзим истеъмол қилдим. У билан бирга унинг уйида ҳам истеъмол қилиб келганмиз. Орадан йиллар ўтди... Зарарли одатга кўра, танишимдан истеъмолим учун гашиш сотиб олиш мақсадида қўнғироқ қилдим. Топиб беришини айтгани учун учрашиб 350 000 сўмни олиб, гашишни олиб келишни ваъда қилди. Бироқ, олиб келмади. Унга бир неча маротаба қўнғироқ қилдим. Мени ҳақорат қилди, кейин эса қўнғироқларимга жавоб бермай қўйди. Ундан қасд олиш учун ўз вақтини кутиб келдим. Дорихонадан 6 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиб олиб, истеъмол қилдим. Уйга қайтганимдан кейин танишимнинг қилган иши эсимга тушиб қолди. Танишимга қўнғироқ қилиб, “ака, унақа йўқ бўлиб кетманг, бош оғриб кети-ку бирор нима йўқми?” дея ундан гиёҳвандлик воситаси билан меҳмон қилишини сўрадим. У “укам янги уйимда бир ўзимман, меҳмон қиламан”, деди. Асл мақсадим эса ундан менга нисбатан қилган ҳақорати бўйича қасд олиш бўлган. Манзилга етиб борганимда танишим кутиб олиб, хонадонига олиб кирди. Менга уйининг барча хоналарини кўрсатди. Унга “эсингдан чиқиб қолмадимми, 350 000 сўмимни олиб кетгандинг. Ўлганни устига тепган қилиб, онамдан сўкиб, мени ҳароми дегансан”, дея жанжаллашиб кетдик. Сўнг танишимга “бўлди, нашани олинг, такси кутиб турибди, чакиб кетаман” дедим. У нашани истеъмол қилиш учун тайёрлаб турган вақтида, ўзи билан ошхонадан пичоқни олиб келди. Унга “нашани тайёрлаб, ҳаммомга киринг ва челакка сув олинг” деб алдаб, қўлидан пичоқни олдим. Шу вақтда у букилган ҳолатида челакка сув тўлдириб турган вақтида, қўлимдаги пичоқ билан ҳаммомга кириб, “эсингдан чиқдими онамни сўкканинг?” дея бор кучим билан танасининг турли жойларига бир неча маротаба пичоқ тиқдим. Қўл ва оёқларим билан уриб, унга тан жароҳат етказдим. Ушбу зарбалардан ётган жойидан туролмай қолди. Кейин қўлимдаги пичоқни ўзим билан олиб, хонадондан югуриб чиқдим. Уйнинг йўлакчасида дастрўмолим билан қўлимни қон доғларидан тозаладим. Пичоқни дастрўмолга ўраб, чўнтагимга яшириб қўйдим. Кўчага чиқиб, мен билан бирга келиб, машинасида кутиб ўтирган бошқа бир танишим билан кетдим. Машина бошқарувидаги танишимга ушбу ҳолатни билдирмадим. Унинг телефонидан укамга қўнғироқ қилдим. Машинанинг мусиқасини эшитиб кетаётган танишим эшитмайдиган даражада паст овозда укамга бўлиб ўтган ҳолатни айтиб бердим. Кейин йўлда тушиб қолиб, пичоқни каналга ташлаб юбордим. Укам ва бир танишим билан кўришдим. Улар мени автомашинага ўтказишиб, ички ишлар органларига олиб боришди. Ходимларга бўлиб ўтган ҳолатларни тўлиқ баён қилиб бердим. Ҳозирда қилган ишидман чин кўнгилдан пушаймонман.

“ОРАЛАРИГА СОВУҚЧИЛИК ТУШГАНИНИ СЕЗГАНДИМ...”

Суд мажлисида жабрланувчининг қонуний вакили – рафиқаси қуйидагиларни баён қилди...

— Турмушимиздан 2 нафар фарзандимиз бор. Марҳум турмуш ўртоғим санъаткор эди. 2021 йилнинг баҳорида уйимизни сотиб, бошқа тумандан янги хонадон сотиб олдик. Бироқ у таъмир талаб бўлгани учун ишлари тугагунча маълум вақт қизлик уйимда, эрим эса қайинопамникида яшадик. Эрим ҳар куни хонадондаги камчиликларни таъмирлаш ишларини олиб борган. Мудҳиш воқеа содир бўлган кун эрим таниши қўнғироқ қилгани ва бозорга бориб унитаз олиб келиб, ўрнатишини айтганди. Орадан тахминан икки соат ўтганидан кейин қайтиб эримга қўнғироқ қилсам, жавоб бермади. Соат 20:00 ларда амаким қўнғироқ қилиб, янги уйда пичоқбозлик бўлгани, эримдан хабар олишимни айтди. Янги уйга борганимда, тегишли орган ходимларидан эримни таниши пичоқлаб қўйганини ва натижада вафот этганидан хабар топдим. Эртаси куни эримнинг дафн маросимларини ўтказдик. Эримнинг таниши ҳам санъат олами вакили. Турмуш ўртоғим ва унинг муносабатлари дастлабки пайтларда яхши бўлган. Бироқ охирги пайтларда ораларига совуқчилик тушганини сезгандим...

СУД ҲУКМ ҚИЛДИ...

Судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ҳамда 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 96-моддасини қўллаб, жазони ижро этиш жойларида гиёҳвандликдан (наша) ҳамда токсикоманиядан (Регопен, Тропикамид ва Зардекс) мажбурий тарзда даволаш тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилиши белгиланди.

Музаффар КУКИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

Киритилди: 13:12 12.08.2022. Ўқилди: 9615 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!