13 ноябр куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманида таъмирлаш ишлари давомида экскаватор газ қувурига шикаст етказиши оқибатида бир нечта кўп қаватли уйлар ва хусусий хонадонлар газсиз қолди.
Ҳодиса Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани 2-даҳа, 40-уй яқинидаги ўрта босимли ерости газ қувурида содир бўлган. Экскаватор таъмирлаш ишлари вақтида қувурни шикастлагани сабабли газ сизиб чиқиши қайд этилган.
Авария оқибатида 2-даҳадаги 47 та кўп қаватли уй, 10 та улгуржи истеъмолчи, 3-даҳадаги 26 та кўп қаватли уй, 12 та улгуржи истеъмолчи ва Маликов кўчасидаги 40 та хусусий хонадон газ таъминотисиз қолди.
«Ҳудудгаз Пойтахт» мутахассислари билан ҳодиса жойига етиб бориб, шикастланган қувурни таъмирлаш ишларини бошлаган. Таъмирлаш ишлари тугаганидан сўнг газ таъминоти қайта тикланиши кутилмоқда.
Фото: Энергетика вазирлиги
Таъмирлаш ишлари бир неча соат ичида якунланиши режалаштирилган, агар газ таъминоти тикланиш вақти узоққа чўзилса, тегишли маълумотлар «Ҳудудгаз Пойтахт» расмий сайти ва ижтимоий тармоқлари орқали етказилади.