Тошкент шаҳрида кўп қаватли уй деворларига гиёҳванд модда сотувчи канал манзилини чизган ўсмирларнинг иши судга юборилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Юнусобод туманида тунги соат 04:00 лар атрофида Патрул-пост хизмати ходимлари ва профилактика инспекторлари ўз хизмат вазифаларини олиб бораётган пайтда бемаҳалда кўча кезиб юрган 2 нафар ўсмирни учратиб қолган. ИИБ органлари ходимлари улардан кечқурун нима қилиб юрганини сўраган, бунга жавобан улар дўкон излаб чиққанини, шу яқин атрофда яшашини айтган. Ўсмирлар текширилганда уларнинг ёнидан 3 дона бўёқ топилган.
Маълум бўлишича, ўсмирлардан бири деворга Телеграм манзилини чизиш билан шуғулланган. Бу расмлар гиёҳванд моддалар олди-сотдиси юргизиладиган гуруҳга тегишли бўлган.
Билдирилишича, буюртмачи ўсмирларга 3 минг доллар пул таклиф қилган.
«Мен ундан нимани реклама қиламан деб сўраганимда у Беларус, Украина давлатларига бориб ишлашнинг рекламаси деб айтганди. Агар сен Телеграм манзилни чизсанг, менга одам келади ва пул беради, ўшандан сенга бераман деган», – дейди ўсмирлардан бири.
Мазкур ҳолат юзасидан икки нафар вояга етмаган шахсларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасига (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) асосан баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар туман судига юборилди.