Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтнинг қатор чорраҳа ва кўчаларини таъмирлаш ҳамда реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланишини маълум қилди.
Қайд этилишича, ишларнинг асосий қисми май ойидан сентябригача – мактаблар ва олий ўқув юртларида таътил кунларида амалга оширилади. Ишлар асосан тунги вақтда бажарилади.
Пойтахтдаги пиёдалар ва ҳайдовчилар бу ишларнинг оғирлигини ҳис қилмасликлари учун барча имкониятларимизни ишга соламиз, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, иш биринчи марта кенг кўламда, янги қоплама (ШМА) турларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Шу билан бирга, ер ости коммуникациялари ҳам текширилади.
Ҳокимлик иш жараёнида ҳайдовчилар учун ҳам, пиёдалар учун ҳам ноқулайликлар туғилиши муқаррарлиги сабаб олдиндан узр сўраб, фуқароладан вазиятни тушунишларини сўради.