Бугун 18 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Тошкентда 5 нафар талабанинг ўлими: айбдорга ҳукм ўқилди

Тошкентда 5 нафар талабанинг ўлими: айбдорга ҳукм ўқилди

Тошкентда ўқийдиган беш нафар талабанинг мурдаси улар ижарада турадиган уйдан топилгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида уй эгасига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди...

Судланувчи аёл олти нафар талаба билан қонуний ижара шартномаси тузмай, уларни одам ҳаёти учун хавфли ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаган ўзининг яшаш уйининг қўшимча қисмини ижарада вақтинча яшаши учун ажратади. Шу куни “Ҳудудгаз пойтахт” МЧЖнинг туман филиали ходимлари ижара уйининг биринчи хонаси ертўласида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмасдан ишлатиб келинаётган табиий газ орқали ишлайдиган иситиш печини текширишади. Улар томонидан тузилган газ ускуналарини таъмирлаш ҳамда авария ҳолатини бартараф этиш юзасидан буюртма ҳужжатларига асосан оғзаки равишда ертўладаги иситиш печининг ўрнатилган жойи техника хавфсизлиги қоидаларига зид экани баён этилади. Қолаверса, иситиш печининг дудбўрони носозлиги: тортмаётгани, чиригани сабабли қайта уланмаслиги, агарда газ тармоғига уланмоқчи бўлса фақатгина газ идорасининг масъул ходими томонидан иситиш печини дудбўронини созлиги текширилгандан сўнггина газни иситиш печига ёқиши шартлиги ҳақида огоҳлантирилади. Шунга қарармай, уй эгаси ижарада яшовчи талабаларга гўёки газ идораси ходими билан телефон орқали гаплашиб, ундан оғзаки равишда рухсат олганлигини билдиради. Мазкур ҳаракати “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари” билан тақиқланганини билиши шарт бўлса ҳам, беъпарволик қилиб, газ ускуналари ва дудбўронни созлаш учун ҳеч қандай билимга ва ҳужжатга эга бўлмаган ижарачиларга иситиш печи ёниши натижасида ёнган газ ҳиди чиқадиган дудбўронни созлаб олишлари учун рухсат берган.

Шунга кўра, ижарачилар ўзлари билганича ушбу уйни иситиш вазифасини бажарувчи ертўлада жойлашган печ дудбўронининг қувурларини тўлиқ тозаламай, кўча деворига ўрнатилган дудбўроннинг фақатгина юқори қисмидаги қувурини алмаштириш йўли билан созлаб, уй эгасининг кўрсатмасига мувофиқ иситиш печига газни ёқиб, ижара уйининг хоналарини иситиб, ишлатиб келишган.

Уй эгасининг Вазирлар Маҳкамасининг “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 22-сонли Қарори билан тасдиқланган 2-иловаси, 139-қисмининг бир қанча бандлари қоидаларини менсимаганлиги оқибатида ижарада яшовчи 5 нафар ижарачининг мурдалари номаълум этиологик моддадан захарланиш ташхиси билан топилган.

ЭКСПЕРТИЗА ХУЛОСАЛАРИ ҚАНДАЙ?

Республика Суд тиббиёт экспертизаси Тошкент шаҳар Морфология бўлимининг хулосасига кўра, ижарачиларнинг ўлимига ис газидан ўткир захарланиш натижасида ўткир нафас ва юрак, қон-томир етишмовчилиги сабаб бўлгани аниқланган. Уларнинг қонида токсик концентрацияси турли фоизларда бўлган корбокси-гемоглабин моддаси топилган.

Бундан ташқари, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг 2021 йил 23 апрелдаги комплекс экспертиза хулосасига кўра, уйнинг хоналарида ўрнатилган газ ускуна ва жиҳозлари техник ва меъёрий қоида талабларига асосан ўрнатилмагани, амалдаги талабларга жавоб бермаслиги, газ ускуна ва жиҳозлари ўрнатиш техник талабларига жавоб бермаслиги, газ ускунаси ва жиҳозларининг дудбўронлари ёниш маҳсулотларини чиқиш йўналишлари тўғри ўрнатилмагани амалдаги талабларга жавоб бермаслиги аниқланган.

“ИЖАРАЧИ ШЕРИКЛАРИНИНГ ОҒЗИДАН КЎПИК ЧИҚИБ ЁТГАНИ ҲАҚИДА ХАБАР БЕРДИ”

Судланувчи судда айбига иқрор эмаслигини билдирди...

— Уйда 2013 йилдан бери бир ўзим яшаб келаман. Ушбу уй опамнинг номида. Уйнинг асосий яшаш қисми 4 хонадан иборат. Уйга кириш дарвозасининг ўнг қисмида 3 та хонадан иборат бўлган қўшимча қисми мавжуд. Бу ерда ҳеч ким яшамаган. Уй бозорига бориб, 3 хонадан иборат бўлган қўшимча қисмини сотмоқчи бўлиб ҳаридор изладим, аммо ҳаридор топилавермади. Бир-икки нафар талаба йигитлар мендан уйни ижарага беришим ҳақида сўрашди. Уларга уй таъмирталаб ахволдалигини айтиб, рад қилдим. Орадан вақт ўтиб, икки нафар нотаниш йигитлар “маклер” номидан келишганини айтишди. Уларга уйни таъмирлатишим кераклиги сабабли уйига ижарага одам қўймаслигимни айтдим. Улар “кейинчалик таъмирлаб берсангиз ҳам бўлади”, дея Андижон вилоятидан ўзлари билан кўрпа-тўшакларини ҳам олиб келганликларини айтишди. Уйга киритишни илтимос қилишди, уларга раҳмим келиб, уйга киритдим. Шу куннинг ўзида 1004 рақами орқали газ тармоқлари ходимларига қўнғироқ қилиб, уйнинг ушбу қисмида иситиш печи (котёл) паст ёнаётгани ҳақида хабар бердим. Орадан бироз вақт ўтиб, икки нафар ўзини газ идораси ходими деб таништирган эркак киши хизмат кийимида келишди. Уларга ижарачилар яшайдиган уйнинг биринчи хонаси ертўласида жойлашган газ орқали ишловчи иситиш печини текшириб беришларини сўрадим. Чунки ертўладаги иситиш печидан газ ҳиди келаётганди. Ходимлардан бири ертўлага тушиб, иситиш печини текширди ва унга газ юбориладиган қувурнинг жумрагини синдириб қўйди. Сўнг ушбу хонанинг газ қувури жумрагини бураб, газни ўчириб кетишди. “Сваркачи” келиб жумракни тузатиб кетди. Яна 1004 рақамига қўнғироқ қилдим. Шу куннинг ўзида бошқа икки нафар газ ходими келди. АГВ ва газ қувурларини кўздан кечиришиб, ишлатиб кетишмоқчи бўлиб турганида, газ ходимлари хизмат ҳақи сўрагандай бўлишди. Уларга хурмо узатганимда, жахл қилиб, газ ускунасини ўчириб, дудбўронни тузатишни ва “азбец” трубага алмаштиришни айтиб кетишди. Шунда ижарачилар дудбўронни ўзлари созлаб олишларини айтишгани учун рухсат бердим. Дудбўронни “азбец” трубага алмаштиришга ўша вақтда имкониятим бўлмаган. Йигитлар дудбуроннинг уч қисмини алмаштириб созлашган, сўнг ёқиб беришлари учун яна туман газга қўнғироқ қилдим. У ерда кимдир телефон орқали устимдан кулиб, ёқиб олаверишни айтди. Шунинг учун йигитларга газ ва иситиш “катёл”ини ёқиб ишлатишга рухсат берилганини айтдим. Улар иситиш системасини ишлата бошлашди. Газчилар келганида ҳеч қандай хужжат тўлдиришмаган. Оғзаки гапириб, системани ўчириб кетишган. Уйнинг дарвозаси ёнидаги мазкур 3 та хонани йигитларга ҳар ой 200 АҚШ долларидан тўлаб боришларига келишганмиз. Шартнома тузиш хотирамдан кўтарилган. Жорий йил февралда газ ходимлари келиб, уйимга кираверишда газ тақсимлагичга янги газ ҳисоблагич ўрнатишган. Уйим жуда совиб кетгани учун шамоллаб қолдим. Шу кундан бошлаб, уйимдан чиқмадим, бир марта поликлиникага бориб келдим, холос. Бу орада ижарачиларни учратмадим. 27 февралда йигитлардан бири менга қўнғироқ қилиб, ижарачи шерикларининг оғзидан кўпик чиқиб ётгани ва уларни мазаси йўқлиги ҳақида хабар берди. Унга касаллигимни, кўчага чиқолмаслигимни айтдим. Шу пайт қўшним қўнғироқ қилиб, “уйингиз дарвозаси тагида Миллий гвардия ходимлари турибди, ижарадаги йигитларга бирон нарса бўлмаганми?” деди. Касал ётганим сабаб, ундан ҳолатни аниқлаштиришини илтимос қилдим. Опамга қўнғироқ қилиб, менга ёрдам кераклиги сабабли уйимга келишини сўрадим, етиб келди. Шу орада укам ва бошқа қариндошларимга қўнғироқ қилиб, соғлиғим ҳақида айтдим. Уйда мазам қочиб ётган вақтимда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари кириб келди. Ҳолат бўйича батафсил тушунтириш хати олишди. Олти нафар ижарачи ижарага берилган уйнинг қисмига асосан кўчадаги бир табақали эшик орқали кириб чиқишган. Яшаш уйимга кирадиган дарвозадан деярли умуман киришмаган.

Ўзини айбсиз деб ҳисоблашини айтган уй эгаси суддан унга оқлов ҳукми чиқаришни сўради.

“ДЎСТЛАРИМНИНГ ЖОНСИЗ ҲОЛАТДА ЁТГАНИНИ КЎРДИМ”

Гувоҳ, яъни талабалардан бири судда қуйидагича кўрсатма берди...

— Ҳозирда университетнинг 3-босқич талабасиман. 2020 йилнинг декабрида дўстим – 2-босқич талабаси билан бирга Андижон вилоятидан туриб, Тошкентдан ижарага хонадон олиш мақсадида ижарага бериладиган уй излаганмиз. Шу орада танишимдан уй ижарага қўйиш бўйича мижоз топиш билан шуғулланувчи аёлнинг рақамини олдим. У аёл ижарага бериладиган 2 хонали хонадон борлигини айтди. Телеграмдан хонадоннинг суратларини ташлади ва уй эгаси ойига 200 АҚШ долларидан ижарага қўйишини айтди. Рози бўлдик. 2020 йил 3 декабрда дўстим билан Тошкентга етиб бордик. Ижарага бериладиган уйнинг ҳолатини бориб кўришимизни айтганди, дўстим билан бирга бордик. Ўзимиз билан кўрпа-тўшакларни ҳам уйдан олиб келгандик. Манзилга етганимизда бизни ёши каттароқ аёл уй дарвозаси олдида кутиб турганди. Аёл ижарага қўймоқчи бўлган уйнинг қўшимча қурилган 3 хонали қисмини кўрсатди. Уй бизга ёқди ва дўстим олиб келган нарсаларини жойлаштирди. Шу куннинг ўзида уй эгасига уйни топиб берган аёлга “маклерлик хизмати учун бериб қўйишинг”, деб 1.000.000 сўм тутказдик. Декабрда уй эгасига уйнинг ижара пули – 2.080.000 сўм пул бердик. Мен ва дўстларим ижарада яшаган уй асосий уйга кириш дарвозасидан ўнг тарафда жойлашган 3 та хонадан иборат эди. Хоналарга уйнинг кўча тарафидан темир эшик орқали ҳамда дарвозадан уйнинг асосий қисмидан пластик эшик орқали ҳам кирса бўларди. Шу куни уй эгаси биз яшайдиган уйнинг ювиниш хонасининг “душ”и ва бошқа нарсаларини созлатиб берди. Газ тармоқлари ходимларига қўнғироқ қилиб, иситиш печи (котёл) паст ёнаётгани ва уни тузатиб беришлари ҳақида хабар берди. 4 декабрда ҳаво совуқ бўлгани сабабли хонанинг ертўласида жойлашган иситиш печини ёқиб, уйни иситмоқчи бўлдик. Аммо аёл иситиш печи носозлиги, уни тузатиш лозимлигини айтиб, туман газ ходимларига қўнғироқ қилди. Шу куни икки нафар газ бўлими ходими келиб, иситиш печини тузатиб бермоқчи бўлди. Улардан бири “ертўладаги иситиш печига газ қувуридан келган ўчириб-ёқувчи мосламасини синдириб қўйдим. Пайвандчи келиб тузатиб беради”, деб уйдан чиқиб кетди. Мосламани синдириб қўйган туман газ ходими уй эгасига бизнинг гувоҳлигимизда “ертўладаги иситиш печи техника хавфсизлигига жавоб бермайди. Баҳорда печни ошхонадан ташқарига олиб чиқиб, очиқ ҳавода жойлашган алоҳида хонага печни ўрнатиш лозим”, дея маслаҳат берди. Тахминан 1-2 соатлар ўтиб, туман газ бўлимидан пайвандчи келиб, хонанинг ертўласида жойлашган иситиш печини ўчириб-ёқувчи мосламасини созлаб берди. Шу куни ҳаво совуқ бўлгани учун иситиш печини ёқмоқчи бўлганимизда уй эгаси печдан газ ҳиди келаётгани учун газни ёқмасликни айтди. Туман газ авария бўлимига қўнғироқ қилиб, ижара уйнинг хонасидан газ ҳиди чиқаётгани ҳақида хабар қолдирди. Шу вақтда мен ва 21 ёшли шеригим билан кечги овқатга егулик олиб келиш мақсадида соат 21:30 ларда кўчага чиқиб кетдик. Ижара уйида яна бир 21 ёшли дўстимизнинг ўзи қолганди. Тахминан бир ярим соатлар атрофида уйга қайтдик. Уйда қолган шеригим “икки нафар газ ходимлари келиб, ертўладаги иситиш печини яна бир марта кўздан кечириб, текширишди. Уй эгасига дудбўронни носоз экани ҳақида айтди. Тузатгандан кейин ертўлада жойлашган газ билан ишлайдиган иситиш печини ёқиш мумкинлигини тайинлаб кетди”, деди. 5 декабрь тушликка яқин уй эгаси билан телефон орқали гаплашиб, ундан ҳаво совуқлиги сабабли дудбўронни тузатиб, ертўладаги иситиш печини ёқишни сўрадим. Шунда аёл менга “ертўладаги иситиш печини тутуни чиқадиган дудбўронини созлаб, газни ёқиб уйни иситиб яшашингиз мумкин”, деди. Шунга кўра, икки нафар шеригим билан ижара уйи ташқарисига кўчага чиққан ертўладаги иситиш печининг дудбўронининг тепа қисмини олиб, ўрнига уй эгаси берган қувур (тирсак қувур)ни ўрнатиб, ертўладаги иситиш печини ёқдик. Кейин ижара уйи исий бошлади. Уйнинг ертўласида жойлашган газ орқали ишлайдиган иситиш печини 2020 йил декабрь ва 2021 йилнинг январь ойи ўрталарига қадар ишлатиб келдик. Январь ойи ўрталаридаги бир кунда ҳаммамизнинг бошимиз оғрий бошлади. Кейин бир шеригим уйнинг эшикларини очиб, ертўлага тушиб иситиш печини ўчириб қўйди, бошқа ишлатмадик. Февралда газ ходимлари келиб, биз яшайдиган уйнинг кираверишида янги газ ҳисоблагич ўрнатишди. Тахминан 24 ёки 25 февраль куни ҳаво совиб кетгани сабабли бир шеригимиз ертўлага тушиб, иситиш печини ёқиб қўйди. Дастлабки кунларда ертўладаги газдан бирон бир ҳид келаётганини сезмадик. 26 февраль куни ўқишда бўлган вақтимда бирга ўқийдиган курсдошларим билан Бўстонлиқ туманидаги курорт ҳудуд ҳисобланган жойларга дам олишга чиқишни келишдик. Шу куни соат 15:00 ларда ижара уйига қайтдик, у ерда уч нафар шеригим бор эди. Улар билан бироз гаплашиб, курсдошларим билан тоққа дам олишга кетаётганимни айтиб, ярим соатларда улар билан ҳайрлашиб чиқиб кетдим. Шу куни соат 18:00 ларга қадар бозор айланиб юриб, 12 нафар курсдошлар билан дам олиш учун Бўстонлиқ туманига қараб йўлга тушдик. Соат 20:00 ларда дам олиш жойига етиб бордик. Ўша куни телеграм орқали дўстларим билан ёзишиб ўтирган вақтимда, ижарадаги бир шеригим телеграмидан соат 21:31 ларда хабар юборди. У билан соат 21:47 гача хабарлашдик. Уйда қолган дўстларим билан бошқа умуман суҳбатлашмадим. 27 февраль соат 16:00 га қадар дачада бўлиб, сўнг шаҳрга қараб йўлга тушдик. Қибрай туманига етган вақтимда “метро бекатидан ижарада яшайдиган уй манзилига қайси автобус орқали борса бўлади?” деб сўрамоқчи бўлиб шеригимга қўнғироқ қилдим. Лекин у қўнғироғимга жавоб бермади, сўнг “смс” хабар юбордим, жавоб келмади.

Ижарада яшайдиган уйга соат 20:10 ларда етиб келдим. Шу вақтда уйнинг биз яшайдиган қисмига кириш эшиги ёпиқ бўлиб, лекин қулфланмаганди. Эшикни очиб, уй ичкарисига кирдим. Шу вақтда ошхона сифатида фойдаланадиган хонанинг чироғи ўчирилганди. Шу пайт ошхона “пол”ида яъни, оёғим тагида бир шеригим ётганини унинг кўзойнагидан таниб қолдим. Дарҳол қўл телефонимнинг чироғини ёқиб, у ётган жойга қараганимни оғзидан кўпик ажралиб, ранги оқариб кетган ҳолда ётарди. Бу вақтда ошхонадан ўртадаги хонага кириш эшиги озгина очиқ, лекин ичкари кўринадиган даражада эмасди. Шеригимнинг аҳволини кўриб, жахл билан ичкарида ётган қолган 4 нафар дўстларимга қараб, “қарамайсанларми?” демоқчи бўлиб, ичкари хона эшигини тўлиқ очган вақтимда у ерда дўстларимнинг жонсиз ҳолатда ётганини кўрдим. Зудлик билан одамларни ёрдамга чақириш учун кўчага отилиб чиқдим. Йўлдан бир машинада ўтиб кетаётганди тўхтатиб, бегона фуқародан ҳолатни қисқача тушунтириб, ундан ёрдам беришини илтимос қилдим. “102 рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг”, дея тушунтириб, йўлида давом этди. Айтганидек қилдим, боғланолмаганимдан кейин мен билан бир олийгоҳда ўқийдиган танишимга қўнғироқ қилиб, “ижара уйга тез етиб келинглар”, дедим. Акамга қўнғироқ қилиб, ижара уйда кўрган ҳолатимни айтиб бердим. Бироз ўтиб, акам Тошкентга қараб йўлга тушганини айтди. Шу орада кўча бошига қараб юриб, у ердаги элчихонада қўриқлаш хизмати ходими бўлган Миллий гвардия ходимига бўлган воқеани айтиб бердим. У эса маҳаллага масъул бўлган Миллий гвардия ходимини чақириб, у билан бирга воқеа жойига юборди. У ҳам уйнинг эшигини очиб, ичкарига қараган вақтида шеригимнинг мурдаси ётганини кўрди. Зудлик билан тергов-тезкор гуруҳига хабар берди. Бироз ўтиб, ИИБ ва бошқа ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари етиб келди. Воқеа жойини кўздан кечириб, мендан тушунтириш хати олишди.

“АНДИЖОНГА ОЛИБ КЕТИБ, ЕРГА ҚЎЙДИК”

Жабрланувчининг қонуний вакили – 21 ёшли ижарачилардан бирининг отаси судда қуйидагиларни баён қилди...

— Ўғлим 2019 йил университетга ўқишга кирган. 2020 йил сентябрда 2-курс талабаси сифатида онлайн дарсларга қатнашиб турган. 3 декабрда дўсти билан Тошкент шаҳрига ўқишга кетди. Ўғлим билан телефон орқали гаплашиб турардик. 12-13 феврал кунлари Андижон вилоятига уйга келиб, 20 февралда Тошкентга қайтиб кетди. Телефон орқали гаплашиб турганмиз. 27 феврал соат 21:00 ларда уйга ИИИ ходимлари келишди. Ўғлим Тошкентда захарланиб қолгани, Тошкент шаҳрига боришимиз кераклигини айтишди. Бу орада қўшним ҳам уйимга келиб, “ўғилларимиз захарланиб қолибди. Тошкентга боришимиз керак”, деди. Зудлик билан шаҳарга етиб бордик. Фарзандларимиз вафот этганини билиб, ҳужжатларни расмийлаштирдик. Андижонга олиб кетиб, ерга қўйдик. Бу ҳолатда судланувчининг лоқайдлиги фарзандларимизнинг ўлимига сабаб бўлди.

Уч нафар жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари ҳам судда юқоридагига ўхшаш кўрсатма бериб, судланувчига қонуний чора кўришни сўрашди.

ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Судланувчи – уй эгаси Жиноят кодексининг 102-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилди ва унга шу модда билан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Манфаатдор томонларга етказилган моддий ва маънавий зарар бўйича фуқаролик иш юритуви тартибида фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканликлари тушунтирилди.

Темур ХАСАНОВ, Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди судьяси

Киритилди: 16:00 23.09.2021. Ўқилди: 7764 марта. Фикрлар сони: 2 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!