Ўзбекистон Республикаси Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан қарздор фуқаро Н.Ю.га оид жами 370 та ижро ҳужжати иш юритувга қабул қилинди. Уларнинг умумий қиймати 328,7 миллион сўмни ташкил этади.
Мазкур ҳужжатлардан 354 таси (258,7 млн сўм) Тошкент шаҳар ва ҳудудий ИИББ ЙҲХБ органлари томонидан чиқарилган маъмурий жарималар, 14 таси (51,8 млн сўм) эса солиқ қарзларини ундириш билан боғлиқдир. Бундан ташқари, Шайхонтоҳур туман бўлимига ФИБ Мирзо Улуғбек туманлараро судининг қарорига асосан, “Микрокредитбанк” АТБ фойдасига 18,2 млн сўмлик кредит қарзларини ундириш юзасидан 2 та ижро ҳужжати юборилган.
Аниқланишича, фуқаро Н.Ю. 2024–2025 йиллар давомида “JETOUR” русумли автомобилда 354 маротаба қоидабузарлик содир этиб, 258,7 млн сўм маъмурий жарима йиғиб келган. Шунга қарамай, бирор марта ҳам жарималарни тўламагани боис ижро ҳужжатлари бюро органларига келиб тушган.
Шунингдек, фуқаронинг кредит эвазига олинган “JETOUR” автомобили банк гарови сифатида расмийлаштирилган бўлиб, тўловлар амалга оширилмагани сабабли гаров мулкига нисбатан хатлов чораси қўлланилди.
Ҳозирда жами 328,7 млн сўмлик қарздорликни ундириш бўйича зарур ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.