Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ангрен шаҳри бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган О.Ҳ. фуқаро М.А.га 10 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 750 минг сўмга сотган вақтида ушланиб, ундан 88 дона дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, давом этган тадбирда фуқаро фуқаро О.Ҳ.га дори воситаларини етказиб берувчи шахслар Ж.Н. 55 дона, И.И. 500 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларини жами 20,5 млн сўмга сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Шу каби, Департаментнинг Узун тумани бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган Қ.Э. ва бошқалар фуқаро Х.Б.га жами 26 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 2,5 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.