Бугун 14 ноябрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2021 йилнинг 9 ойи давомида неча нафар шахсга нисбатан оқлов қарорлари чиқарилган?

Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2021 йилнинг 9 ойи давомида неча  нафар шахсга нисбатан оқлов қарорлари чиқарилган?

Бугун, 29 октябрь санасида Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан 2021 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериш мақсадида ОАВ вакиллари учун брифинг ташкил қилинди.

Сўзга чиққан Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов мазкур брифинг Президентимизнинг 2020 йил 30 июндаги топшириғига мувофиқ тасдиқланган Тошкент шаҳрида жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва коррупциядан ҳоли худудга айлантириш бўйича Йўл харитасида белгиланган вазифалар ижроси доирасида судлар фаолиятининг очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигини ошириш мақсадида ўтказилаётганини таъкидлади.

Шунингдек брифингда Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббасов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Турабов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Мақсудбек Саидов иштирок этишди.

Брифингда Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари Акбарали Турабов жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлари томонидан 2021 йилнинг 9 ойи давомида 6.159 нафар шахсга нисбатан 4.852 та жиноят ишлари кўриб тамомлангани ва ўтган йилга нисбатан кўриб тамомланган ишлар сони 1.940 тага (40,0%), жавобгарликка тортилган шахслар сони эса 2.434 нафарга (39,5%) кўпайганини маълум қилди.

Таъкидланишича, судлар томонидан 2021 йилнинг 9 ойи давомида жами 110 нафар шахсга нисбатан оқлов қарорлари чиқарилган, 1.051 (598) ҳолатда тергов органи томонидан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган.

Жиноят оқибатида етказилган 195,8 млрд. сўмдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 354 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

2.866 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган, 718 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган.

1.498 нафар шахс муддатидан илгари жазодан (қамоқдан) озод қилинган, 95 нафар шахсга тайинланган жазолар енгилроқ жазо билан алмаштирилган.

Одил судловни амалга оширишда жамоатчиликнинг кафиллиги асосида жами 128 нафар шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ёки қонунда назарда тутилганидан кўра енгилроқ жазолар тайинланган.

Жиноят ишларининг 2.438 таси ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 1.306 таси унча оғир бўлмаган, 2.122 таси оғир ва 293 таси ўта оғир тоифадаги жиноятларни ташкил этган.

Кўриб тамомланган 3.634 та иш бўйича 4.883 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилган, 1.227 нафар шахсга нисбатан 1.101 та ишлар тугатилган. Шундан 1.223 нафар шахсга нисбатан 650 та иш тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган.

Судланган шахсларнинг 552 (11,3%) нафарига жарима, 1.115 (22,8%) нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 1.130 (23,1%) нафарига озодликни чеклаш, 1.723 (35,2%) нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 69 (1,4%) нафарига мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланган бўлса, 147 (3,0%) нафар шахс шартли ҳукм қилинган.

Судланганларнинг 481 нафарини (9,8%) аёллар, 100 нафарини (2,0%) вояга етмаганлар, 2.197 нафарини (45,0%) ёшлар, 97 нафарини (1,9%) 60 ёшдан ошган эркаклар, 37 нафарини (0,7%) чет эл фуқаролари ва 23 нафарини (0,4%) тадбиркорлар ташкил этган.

1.536 (1.061) нафар муқаддам судланган шахслар томонидан такроран жиноят содир этилган.

Шунингдек, жазони ижро этиш муассасасининг маҳкумга тайинланган жазони енгилроғи билан алмаштириш (ЖК 74-модда) ҳақидаги 105 та илтимосномасидан 95 таси, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш (ЖК 73-модда) ҳақидаги 1.575 та илтимономасидан 1.498 таси қаноатлантирилган.

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари Акбарали Турабов олиб борилаётган профилактика ишлари ҳақида ҳам маълумот берди:

— Давлат раҳбари томонидан судлар олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, ўтган давр мобайнида 1.686 та (34,7%) жиноят ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. Жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида 3.282 та (67,6%) суднинг хусусий ажримлари чиқарилган, суд амалиёти юзасидан 14 та умумлаштириш қилиниб, натижаси юзасидан туман судларига тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилган.

Ўз навбатида соҳалар бўйича жиноятчилик содир қилинган аҳволи юзасидан Тошкент шаҳар Соғликни сақлаш бош бошқармасига, Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармасига ва Тошкент шаҳар ИИББга тақдимномалар чиқарилган.

“Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида судьялар ўзларига бириктирилган Тошкент шаҳридаги 524 та МФЙда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш юзасидан сайёр учрашувлар ўтказиб келмоқдалар.

Тошкент шаҳар судининг иш режасига киритилган “Аёллар дафтари” асосида Тошкент шаҳридаги барча маҳаллаларга судьялар бириктирилган ва доимий равишда ишлар олиб борилмоқда.

  • 779 та хуқуқий ёрдамга мухтож аёллар судьялар томонидан қабул қилиниб, уларнинг барчасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

ҲУҚУҚБУЗАРЛИК СОДИР ҚИЛГАНЛАРНИНГ ҚАНЧАСИНИ ЁШЛАР ТАШКИЛ ҚИЛАДИ?

Қолаверса, брифингда Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўрилиши юзасидан ҳам ахборот берилди. Тошкент шаҳар ва жиноят ишлари бўйича туман судлари томонидан 2021 йилнинг 9 ойи давомида 60.993 (41.343) нафар шахсга нисбатан 53.379 (36.457) та маъмурий ишлари кўриб тамомланган ва ўтган йилга нисбатан кўриб тамомланган ишлар сони 16.922 тага (31,7%), шахслар сони эса 19.650 нафарга (32,2%) кўпайган. Кўриб тамомланган 41.979 (28.296) та иш бўйича 48.169 (32.155) нафар шахсга нисбатан қарор чиқарилган, 12.824 (9.188) нафар шахсга нисбатан 11.400 (8.161) та ишлар тугатилган.

Маъмурий ҳуқуқбузарликка тортилган шахсларнинг 36.859 (76,5%) нафарига жарима, 430 (0,8%) нафарига махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 10.880 (22,5%) нафарига маъмурий қамоқ жазолари тайинланган.

Тугатилган ишлардан 2.701 (1.724) нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-моддаси қўлланилиб огоҳлантирилган, 10.123 (7.464) нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддасига кўра тугатилган.

Кўриб томомланган материаллар 5.060 (1.900) нафар шахсга нисбатан, шундан 3.736 (1.465) нафар шахсга нисбатан қаноатлантирилган, 1.324 (435) нафар шахсга нисбатан рад қилингани борасида тўхталган Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари Акбарали Турабов ҳуқуқбузарлик содир қилганлар кимлар экани ҳақида ҳам маълумот берди. Унга кўра,

  • 10.291 нафарини (21,3%) аёллар,
  • 202 нафарини (0,4%) вояга етмаганлар,
  • 23.505 нафарини (48,7%) ёшлар,
  • 2.709 нафарини (3,5%) 60 ёшдан ошганлар,
  • 414 нафарини (0,8%) чет эл фуқаролари,
  • 1.084 нафарини (2,2%) тадбиркорлар ташкил этган.

МУРОЖААТЛАР СОНИ 2726 ТАГА КЎПАЙГАН

Брифингда 2021 йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 4720 (1994) та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатлар сони 2726 тага кўпайгани ҳам маълум қилинди.

— Мурожаатларнинг 503 та (298) таси қаноатлантирилган, 12 (10) бошқа органга юборилган, 3378 (1376) тасига тушунтириш берилган. Суд раисларининг қабулида эса жами 1053 нафар (шундан 358 таси сайёр қабулдан) фуқаро мурожаат қилиб, барчаси кўриб чиқилган. Мурожаатларнинг 52 таси (5%) қаноатлантирилган, 1001 тасига тушунтириш берилган. Суд раисларининг оммавий сайёр қабуллар ўтказиш жадвалига мувофиқ жорий йилнинг январь-июнь ойларида Тошкент шаҳрининг барча туманларида яшовчи фуқаролар билан сайёр қабуллар ўтказилган, - дейди Акбарали Турабов.

Киритилди: 17:18 29.10.2021. Ўқилди: 4970 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!