FIFA 2026-йил март–апрель ойидаги халқаро танаффус доирасида ўтказилиши режалаштирилган «FIFA Series 2026» мини-турнирларидан бири Ўзбекистонда ўтказилади. Бу турнирга мезбон сифатида Ўзбекистондан ташқари Австралия, Озарбайжон, Индонезия, Қозоғистон, Маврикий, Пуэрто-Рико ва Руанда давлатлари ҳам мезбонлик қилади. Бу ҳақда FIFA расмий саҳифасида эълон қилди.
Тошкентдаги мусобақада Ўзбекистон, Габон, Исландия ҳамда Тринидад ва Тобаго терма жамоалари иштирок этадиган бўлди.
Ушбу мусобақа 2024-йил март ойида ўтказилган синов шакли муваффақиятли ўтгач, 2026-йилги «FIFA Series» ушбу ташаббуснинг биринчи тўлиқ шаклдаги кўриниши бўлади. Бу сафар иштирокчи ассоциациялар сони кўпроқ, мезбон мамлакатлар ҳам кенгайган. Кенгайтирилган формат халқаро ўйинларнинг савиясини ошириш ва глобал футбол ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадида ишлаб чиқилган.
«FIFA Series» футболчилар, мураббийлар ва мухлислар учун янги ривожланиш имкониятларини очишга, мазмунли ўйинлар орқали футболнинг универсаллиги ва хилма-хиллигини тарғиб этишга қаратилган. 2026-йилги мусобақа бу таъсирни эркаклар ва аёллар футболида янада кучайтиради», — дейди FIFA президенти Жанни Инфантино.
Маълумот учун, «FIFA Series» дастлаб 2022-йил декабрда FIFA Кенгаши томонидан маъқулланган бўлиб, у футбол инфратузилмасини энди шакллантираётган мамлакатларга йирик турнир шароитига яқин муҳитда халқаро ўйин тажрибасини орттириш имконини беради. Бу эса техник ҳамда ташкилий ривожланишга катта ҳисса қўшади.