Кобулда юз берган теракт оқибатида “Толибон” ҳукуматининг қочқинлар ишлари бўйича вазири Ҳалил Ҳаққоний ҳалок бўлди. Бу ҳақда Аriana News хабар берди.
Хабарга кўра, вазир ИШИД тарафдори бўлган худкуш террорчи томонидан амалга оширилган теракт қурбони бўлган. Террорчи Қочқинлар ишлари вазирлиги биносига ташриф буюрувчи қиёфасида келиб, Ҳаққоний ҳужжатларни имзолаётганда бомбасини портлатган. Вазирдан ташқари яна олти киши ҳалок бўлган.
“Толибон” ИШИДни “қўрқоқларча ҳужум” уюштиришда айблаган ва уни “бошқа мусулмонларни кофир деб эълон қилиб, Исломни сохта тарзда қабул қилувчи гуруҳ” дея таърифлаган. ИШИД ҳозирча бу ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.
Ҳаққоний “Толибон” ҳаракати уч йил олдин ҳокимиятни қўлга олганидан бери Афғонистонда содир бўлган террор ҳужумларининг энг машҳур қурбонига айланди.
АҚШ 2011 йилда террорчи деб ҳисоблаган Ҳалил Ҳаққоний билан боғлиқ маълумот учун 5 миллион долларгача мукофот таклиф қилганди. Шунингдек, у 1988 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг санкциялар рўйхатига киритилган.
Ҳалил ур-Раҳмон Ҳаққоний 2021 йил 7 сентябрда “Толибон” ўша йилнинг август ойида мамлакат устидан Афғонистон қочқинлар ишлари вазири этиб тайинланганди. У “Толибон” билан боғлиқ “Ҳаққоний тармоғи”нинг етакчиси, Сирожиддин Ҳаққонийнинг амакиваччаси ҳисобланади.