Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаевнинг 2026 йилда бўлиб ўтадиган БМТ бош котиби сайловида ўз номзодини қўйиши мумкин. Бу ҳақда Orda нашри хабар бермоқда.
“Қозоғистон президенти Токаев мисли кўрилмаган сиёсий ва дипломатик фаоллик кўрсатмоқда. Бу энди одатий тартиб эмас, бундай халқаро фаолият муайян сабабларни талаб қилади. Улар қўллаб-қувватлаш ва овоз олиш истагида бўлганида бошқа давлатлар билан шундай қизғин мулоқот олиб боради”, — дейилади Orda нашри хабарида.
Бунга унинг сўнгги вақтлардаги сиёсий фаоллиги, жумладан, Сербия, Венгрия, Франция ва Қирғизистонга сафарлари мисол қилиб келтирилган.
Қайд этилишича, бу фаолият Токаевнинг 2026 йилда бўлиб ўтадиган БМТ бош котиби сайловида ўз номзодини қўйиш режаси билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шунингдек, Токаевнинг 2011-2013 йилларда БМТ бош котиби ўринбосари ва Женевадаги идораси раҳбари бўлгани эсга олинган.